ИМОМ АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ НАСИҲАТЛАРИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ

Бугунги кунда юртимиз келажаги бўлмиш ёшларимизнинг ҳар томонлама етук ва маданиятли, маънавиятли, ўз юртига, она халқига ва миллий, диний қадриятларига содиқ қилиб тарбия топишлари юртимизнинг келажакда янада гуллаб яшнаши ва тараққиётнинг энг юксак чўққиларига чиқишида катта аҳамиятга эга.

  Улуғ аждодимиз - мотуридия таълимотининг асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий ўзининг бутун умри давомида сермаҳсул ижод қилиб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Унинг асарларида инсонларни жаҳолатдан маърифатга, эзгуликка тарғиб қилиш билан бир қаторда ўзининг панб-насиҳатлари билан ёш авлодни баркамол бўлиб етишишига замин яратиб берган. Хусусан, манбаларда унга нисбат бериладиган “Пандномаи Мотуридия” (Мотуридий ўгитлари) номли рисоласидан ўрин олган панд-насихат ва ибратли ўгитларга аҳамият берсак, бугунги кунда ҳам ёшларимизнинг тарбиясидаги аҳамияти ниҳоятда катта эканига ўоҳид бўламиз.

Имом Мотуридий ўз ҳикматларида инсонни илм-маърифатли, зиёлий бўлишга тарғиб қилади. Аллома илга тарғиб қилар экан лўнда қилиб “Тўғри йўлнинг калити илмдир” деб хитоб қилади. Бундан биз илмли одам ўз илмини тўғри йўлда истифода этса юксак мартабага эришиши мумкинлигини англашимиз мумкин. Шунингдек Имом Мотуридий “Қуролингни илмдан яса”, деб ҳар қандай вазиятда ҳам илм энг асосий қурол воситаси бўлишини уқтиради. Агар илм-маърифат қурол қилиб олинса барча мунозараю, муноқашалар, ҳатто кифоҳу, жангу жадаллар ҳам тинч йўл билан, қонли тўқнашувларсиз, талофатсиз ўз ечимини топади. Шу ўринда бугунги кунда динни ўзига ниқоб қилиб олган кимсаларга эргашиб кетаётган айрим ёшларнинг илмсизлиги ва теран тафаккурга эга эмасликлари сабабли “ватангадо” деган тамғани пешоналарига муҳрлаб олаётгани кишини хавотирга солади. Ана шундай ёшларга биз яна Имом Мотуридийнинг ҳикматли ўгитлари орқали насихат қилишга ҳаракат қиламиз. Бобомиз “Динингни илм билан асрагин”, деб насихат қилар эканлар, бундан биз ёшлар ўз динини қувватлаши, кенг тарғиб қилиши ва бунинг натижасида икки дунё саодатига мушарраф бўлиши учун ўзга юртларда дарбадар бўлиб, қон кечиб, бегуноҳ жонларнинг умрига зомин бўлгандан кўра шу шижоатини илм олишга сарфласа, маърифатли ва зиёли бўлишга интилса ўзининг ҳаёти ҳам бошқа инсонларнинг ҳаёти ҳам тахликалар остида қолмас эди, деган изтиробли фикр ҳаёлимиздан ўтади. Бу ерда илм деганда фақат диний илмлар эмас, балки дунёвий илмлар ҳам назарда тутилган. Чунки Аллоҳ инсонни бошқа махлуқотларидан мукаррам ва азиз қилиб яратганини Қуръони каримнинг “Исро” сураси 70-оятида қуйидагича таъкидлаган:

Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик.

Ушбу оятдан мурод шуки, инсон ўзига берилган ақл неъмати орқали турли илмларни эгаллаши ва фан-техникада оламшумул кашфиётларни амалга ошири лозимдир. Бунда албатта дунёвий илмларнинг ўрни каттадир. Инсон заковати билан яратилган ҳар қандай техник кашфиётлар ислом илмларидан Ақоид илмида “жибиллий каромат” деб алоҳида эътиборга олинган. Демак, ёшларимиз бугунги кунда замонавий илмларни эгаллаши ва тез суръатларда ривожланиб бораётган фан ва техниканинг юксак чўққиларига кўтарувчи оламшумумл кашфиётларни яратиши муборак динимизда ҳам тарғиб этилганини алоҳида қайд этишимиз лозим. Илм мавзусида хулоса ўрнида Мотуридийнинг қуйидаги ўгитини қелтиришмиз мумкин: “Мартабаю иззатни илмдан изла”

 Тинчлик бебаҳо неъматдир. Бу тушунчанинг нақадар улуғлиги ва зарурлигини бошидан уруш балосини ўтказган инсон кўпроқ тушуниб етиши табиий. Тинчилик неъмати нафақат бугун, балки асрлар давомида қадрланиб келинган ва унга тарғиб қилинган. Муборак ислом динимиз ҳам доимо тинчликка, осойишталикка ва ҳамжиҳатликка тарғиб қилган. Ёшларимизни мана шу бебаҳо неъматни асраш ва қадрига етишга тарғиб қилиш ҳам давр талабидир. Имом Мотуридий қуйидаги ўгитлари орқали тинчликка тарғиб қилади: “Тинч яшай десанг, ёмонликдан юз ўгир”, “Юрт ободлигини тиласан очиққўл бўл”, “Нифоқ илмсизлик белгисидир”, “Султонга густоҳлик қилмагин”. Имом Мотуридийнинг мазкур ўгитларига аҳамият берсак, унда инсонни илмга, ободликка ва юрт раҳбарига итоаткорликка тарғиб қилаётганига шоҳид бўламиз. Бундан биз ўз ватанимизнинг янада гуллаб яшнаши ва тинчликда барқарор туришида ушбу ҳислатларнинг ўрни катта эканини теран англашимиз мумкин.

Инсоний фазилатлар ичида яна бир ажойиб ҳислат борки, у инсонни камолотга эришишида ва жамият олдида ҳурмат-эътибор қозонишига энг асосий омил бўлиб хизмат қилади. Бу камтарлик ҳислатидир. Биз ўсиб келаётган ёш авлодга камтарлик ҳислатини сингдиришимиз орқали уларнинг ҳар томонлама баркамол ва ватанга муҳаббатли қилиб тарбиялашимиз осон бўлади. Имом Мотуридий бобомиз ўгитларига аҳамият берсак, уларда ёшларни камтарлик, жавонмардликка чақириқни ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, “Биров мақтаса, кеккайма”, “Ўз айбингни кўра бил”, “Ҳурмат – бойликдан афзал”, “Шуҳратпараст бўлма”, “Қалбингни ҳасад ўти билан куйдирма”, “Ўзингни мақташдан тийил”, “Авф этмоқни ҳеч кимдан дариғ тутма”, “Такаббурликни дев ҳисобла”, “Ҳаммадан яхши сўз ўрганишга интил”, “Яхшилик қилганингни айтиб юрувчи бўлма”, “Бировнинг ҳожатини чиқаришни буюк иш деб бил” каби ўгитлари ёшларимизнинг юқоридаги фазилатга эришишларига маънавий тарғиб бўла олади.

Бугунги кунда ёшларимизни ботир ва шижоатли қилиб тарбиялашимиз ҳам энг асосий вазифалардан биридир. Чунки шижоатли фарзандларимиз ҳеч қачон юртимизга кўз олайтирган ғанимларга чап бермайди ва ватанимиз сарҳадларини ўзларининг мардонавор ҳатти ҳаракатлари билан ҳимоя қила оладилар. Чунончи, бобомиз Имом Мотуридий “Хорлик истасанг, хиёнатчи бўл”, “Душманинг билан иноқлашган дўстдан қўрқ”, “Интизомсиз лашкар – лашкар эмас”, “Қўрқинчни ўлимдан баттар бил”, “Ўзингга ҳамжинс ва ҳаммаслак дўст танла”, “Ҳасадгўй дўстдан парҳез қил”, “Синалмаган одам билан сафарга чиқма”, “Бировнинг молига муҳтож экансан, билгилки, унинг қулисан”, “Ҳамма билан ошно бўлишга интил” каби ўгитлари ёшларимизни лоқайдликдан, бепарволикдан юз ўгириб шижоатли бўлишга тарғиб этади.

 Хулоса шуки, Имом Мотуридий пурмаъно ўгитларининг мазмун-моҳиятини, унинг мағзини ёшларимизнинг қалбига сингдира олсак, бугунги кунда уларнинг тарбияси, саломатлиги ва маънавиятига салбий таъсир ўтказаётган диний ақидапарстлик, гиёҳвандлик, боқимандалик ва оммавий маданият каби иллатлардан ҳимоя қилишимиз осон бўлади. Зеро бу йўлда юқорида таъкидлаганимиздек, улуғ аждодларимизнинг ибратли насихатларининг аҳамияти каттадир. Сўзимизнинг итиҳосини ҳам Имом Мотуридий бобомизнинг қуйидаги ўгитлари билан якунлашни лозим топдик: “Аждодинг қадрини эъзозла”, “Доно суҳбати икки дунё саодатидир”, “Яхшиларнинг тиригини ҳам мозорини ҳам зиёрат қил”.

Оқилов Саидмухтор Саидакбарович,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси доценти,

тарих фанлари номзоди

28 Май, 2020 йил | 829