Фитналар авж олганда қандай йўл тутиши керак?

Фитна турлари кўп: нафсу шаҳват фитнаси, шубҳаю гумон фитнаси, бузуқ эътиқодлар фитнаси, оммавий ёки хос фитналар ва ҳокозо.

Давр тараққиёти ёки тадрижий ихтироларга қараб фитна турлари кўпайиб бораверар экан. Масалан, бундаги ихтиролар ва тараққиётларнинг яхшилиги билан бир қаторда инкор қилиб бўлмайдиган фитналар ҳам талайгина. Жумладан, ёмон ниятда ишлатилаётган телефон ва интернет, инсонлар онгига салбий таъсир қилувчи бошқа ахборот воситалари...

Фитна жуда хатарли. У денгиз каби мавж уриб, кишини йўлдан оздиради. Улуғ саҳоба Ҳузайфа ибн Ямоний айтади: “Биз мўминлар амири Умар разияллоҳу анҳу билан бирга эдик. У зот биздан бола-чақа, қўни-қўшнилар билан боғлиқ фитналардан ташқари, денгиз мавжлари каби тўлқинқинланиб, ҳар бир хонадонга кириб борадиган охир замон фитналари ҳақида Расуллоҳдан эшитганингиз борми?” деб сўраганларида ҳамма сукут қилди. Шунда мен У кишига Пайғамбаримиздан эшитган мана бу ҳадисни айтиб бердим: “Охиризамон фитналари кишилар қалбига бўғинма-бўғин чирмашиб олади. Бундай фитна шарбатини тотган ҳар қандай қалбда қора доғ пайдо бўлади. Шундай қилиб, одамлар ўз-ўзидан икки хил кўринишдаги кишиларга айланади. Биринчиси, ҳаёт давомида жуда камчиликни ташкил қиладиган қалби пок инсонлар. Буларга фитналар зарар етказа олмайди. Иккинчиси эса, тўнтарилиб оғзи бекилиб қолган, қора кўза каби қора қалб эгалари бўлиб, улар маърифатни тан олмайдиган, мункар ишлардан қайтмайдиганлардир”.

Хўш, фитналар авж олган пайтда мусулмон киши нималар қилиш керак?

Биринчидан, ҳар бир уммати Муҳаммадий бу ўринда ўз пайғамбарига қаттиқ эргашиб, унинг саботидан ўрнак олиб, ҳақ устида собит туриши лозим. Зеро, Расулу акрам энг оғир синов, ғорда яшириниб туран пайтда ҳам шериклари Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Ташвиш чекма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!» (Тавба сураси, 40-оят) дедилар.     

Иккинчидан, мусулмон киши фитналар кўпайганда уламолар, имомлар, тўғри йўл кўрсатувчи пешволар бошқараётган мусулмонлар жамоасини лозим тутиши керак. Ҳар қандай фитнадан, турли номлар билан урчиб бораётган номлари ҳам алламбало фирқалардан жуда узоқ бўлиш лозим. Бежиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло менинг умматимни залолатда жамламайди”, демаганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Демак, биз ҳар турли гуруҳбозлик, фитналардан жуда эҳтиёт бўлишимиз зарур. Уламолар тафриқалар, гуруҳбозликлар кўпайса, дарахт илдизини шимиб бўлса ҳам ўзингни асра, деганлар. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳам динда тортишиб, тафриқага борганларни фосиқлар деб, уларнинг  орқаларидан намоз ўқиманглар, деганлар.

Учинчидан, фитналардан сақланмаслик, ғаламис фитначиларга қўшилиш Қуръони каримда очиқдан-очиқ мусулмонларга қилинган амри илоҳийга зиддир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг» (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Хуллас, бундай балолардан сақланиш, эҳтиёт бўлиб яшаш, айниқса, киши ўз динида фитналаниб қолиш, ҳар қандай фиқҳий ёки ақийдавий асоссиз қарама-қаршиликлар атрофида ўралашиб қолиш масъулияти шунчалар оғир бўлса, бундай фитна-фасодларни келтириб чиқараётганларнинг ҳоллари икки дунёда қандай бўлишини мулоҳаза қилиш азиз ўқувчининг ҳукмларига ҳавола.

 Эргашали РУСТАМОВ,

Чилонзор тумани бош имом-хатиби

23 Июнь, 2020 йил | 774