Тилла, кумушдан бошқа қимматбаҳо тошлардан ҳам закот чиқариладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримиз(с.а.в.)га мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:  Тилла, кумушдан бошқа қимматбаҳо тошлардан ҳам закот чиқариладими?

Жавоб: Бундай тошлар тижорат мақсадида олинган бўлмаса, улардан закот берилмайди. Тилла тақинчоқларга қўйилган бундай тошларнинг вазнини чиқариб ташлаб, қолган соф тилла ёки кумуш вазнидан закот берилади. Тилла ва кумушдан бошқа ёқут, фируза, гавҳар, марварид, зумрад, забаржад, темир, мис, қўрғошин, шиша кабилардан закот берилмайди, агар чиройли тарзда ясалган ва нархи қиммат бўлса ҳам. Мушки анбар каби моддалардан ҳам закот йўқ.

Савол: Идиш-товоқ каби нарсаларга тилла суви юритилган бўлса, ўша тилладан ҳам закот бериладими?

Жавоб: Зеб-зийнат сифатида буюмларда фойдаланилган тиллалар улардан ажраладиган бўлса, тилланинг вазни аниқланиб, улардан закот берилади. Агар тилла ажратиб бўлмайдиган даражада бўлса, улар йўқ деб ҳисоб қилинади ва улардан закот чиқарилмайди.

Савол: Тилла ва кумушдан ясалган бурун, тиш ва суякларни бир-бирига улаш учун қўйилган тиллалардан закот бериладими?

Жавоб: Фиқҳ китобларимизда: «Булар ўсувчи бўлмагани учун закот вожиб бўлмайдиган нарсалар ҳисобланади ва улардан закот берилмайди», деб айтилган. Шунинг учун бундай тиш ёки бурунни бемалол чиқариб, сотиб юбориш имконияти бўлса, унда закот вожиб бўлади. Агар маҳкамлаб қўйилган бўлса, закот вожиб бўлмайди, чунки бунда зиёда бўлиш имкони йўқдир.

 

«Мўминнинг нажоти» китобидан

25 Сентябрь, 2020 йил | 49