Ким бизни алдаса, биздан эмас

Тижорат одоби, равиши усуллари ҳақида ҳам тавсиялари бор... Ҳадиси  шарифлар бор...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорларни кузатганлар. Ҳукумат бошлиғи каби у ерларда буйруқлар берганлар.

Бир марта бир тижоратчининг ёнига келганлар. Савдогарнинг қопда турган молига қўлларини ботириб, аралаштириб кўрадилар. Қарасалар, таги ҳўл, усти қуруқ... Қопдаги молнинг таги ёмон, усти чиройли қилиб қўйилган... Шунда «Бундай қилма!» дедилар.

من غشنا فليس منا

Ман ғашшано фалайса минно – «Ким бизни алдаса, биздан эмас», – деганлар...

Савдонинг, тарозунинг, ўлчовнинг ҳалол бўлишига оид оят эмас, ҳатто сура бор; Мутаффифин сураси...

 

وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ    الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ  وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ   أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُممَّبْعُوثُونَ لِيَوْمٍ عَظِيمٍ  (سورة المطففين   : 1–5)

Вайлун лил мутаффифин. Аллазина изакталу ъалан наси яставфун. Ва иза колуҳум ав вазануҳум юхсирун. Ала язунну улаика аннаҳум мабъусун. Лиявмин азим.– (Ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир. Улар ўзларининг улуғ бир кунда – барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган қиёмат) кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!

Голландияда бир устоз домла биродаримиз шахсан ўзи кўрган (мавзумизга доир) бир воқеани  менга айтиб берганди:

Унга одамлар келиб:

«Устоз, ўлим тўшагида ётган бир беморимиз бор, ўтинамиз, бориб кўринг, ёрдам беринг!» дейишади. Шундай қилиб, тунги соат учда  беморнинг ёнига олиб боришди. Бемор ҳушидан кетган, қийин аҳволда ётарди... Мен секин-секин «Лаа илаҳа иллаллаҳ... Лаа илаҳа иллаллаҳ. Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллаҳ...» деб калимаи тавҳид ва калимаи шаҳодатни айтдиришга ҳаракат қилдим. Бир вақт бемор ўзига келиб бундай деди: «Нимага мени мажбур қилаяпсиз?.. Кўрмаяпсизми, тарозининг бош қисмидаги темирини томоғимга тиқиб-тиқиб олишяпти!» – деб айтибди. Кейин ўлди, – дейди.

Марҳумнинг хотинидан:

– «Бунинг сабаби нима?..», – деб сўраганида:

– «Бу ҳақда сўраманг устоз!.. Эрим сотувчи эди. Иккита тарозиси бор эди; биттасини олаётганида, иккинчисини эса, сотаётганида ишлатарди... Олаётганда кам кўрсатадиган тарозида тортиб, сотаётганда кўп кўрсатадиган тарозида тортарди.» – деб жавоб беради.

Масалан, биринчи тарозида тортилган 1 кг оғирликдаги нарса, иккинчи тарозида 800 гр. чиқаркан...

Ана шундай иккита тарозидан фойдаланиб, халқни алдар экан. Лекин вафоти ҳам аянчли бўлган. Устоз: «Ўз кўзларим билан кўриб, қўлоқларим билан эшитдим»деди...

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

muslim.uz

18 Ноябрь, 2020 йил | 873