Ислом банки “Вақф” фонди билан ҳамкорлик қилади

Ўтган ҳафтада, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов Ислом тараққиёт банки таркибига кирувчи ташкилотлар раҳбарлари билан Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида музокаралар олиб борди.

Дастлаб Фонд раҳбари исломий молиялашни ривожлантириш бўлими бошлиғи Васим Абдулваҳҳоб жаноблари билан мулоқот олиб борди. Фонд раҳбари амалга оширилган барча хайрия тадбирлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, учрашув давомида Ислом тараққиёт банки таркибидаги фондлар, вақф жамғармалари ва хайриялар ҳақида маълумотлар берилди. Мулоқотда Ўзбекистонда исломий молиялашни йўлга қўйиш ва қонунчилик базасини ишлаб чиқиш борасида Ислом банки яқиндан кўмак беришга тайёр экани айтилди.

Исломий тадқиқот ва малака ошириш институти раҳбари доктор Сами ал-Сувайлам билан ҳам учрашув ўтказилди. Доктор жаноблари Ўзбекистонда бундай фонднинг ташкил этилганидан жуда ҳам мамнун эканини билдирди. Сами ал-Сувайлам сўзида давом этиб, “Вақф” фондини янада ривожлантириш бўйича таклифлар берди. Жумладан, “қарзи ҳасана” лойиҳасини йўлга қўйиш ва бу борада яқиндан ёрдам беришга тайёр эканини доктор алоҳида таъкидлади. Бундай исломий молиялаш тизими жамият учун ниҳоятда фойдали экани, иқтисодиётга ижобий таъсир этиши ва инфляция даражасини сезиларли пасайтириши каби жиҳатлари қайд этилди.

Томонлар учрашув якунида Ўзбекистонда вақф тушунчаси ва моҳиятини кенг тарғиб қилиш ва Ислом тараққиёт банки кўмагида диёримизга инвестициялар жалб этиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

18 Январь