“Вақф” Фонди учта қишлоққа сув олиб боради

Сув ҳаёт манбаи дейилади. Сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Сувнинг яралиши ва турли ҳолатларда бўлиши фақат Роҳман сифатли Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади.

 

Юртимизнинг айрим ҳудудларида аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи етарлича таъминланмаган бўлиб, бунга ичимлик суви манбааларининг узоқда жойлашганлиги ҳамда сувни етказиб беришнинг қимматлиги сабаб бўлмоқда.

 

Тоза ичимлик сувини узоқ масофадан ташиб келувчи ҳамда узоқ муддат қудуқларда туриб қолган сувларни истеъмол қилувчи юртдошларимизга кўмак кўрсатиш мақсадида "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан "Оби-ҳаёт" номли акция ташкил этилган эди. Акция доирасида Аллоҳнинг неъмати бўлган сувга ташна ватандошларимизга қулайлик яратишдир.

 

Улуғларимиз муҳтож инсоннинг оғирини енгил қилиш савобли иш эканини қайта-қайта таъкидлайдилар. Бир кишининг чанқоғини қондириш эса Аллоҳнинг ризолиги йўлида қилинган эзгу амаллардан биридир.

 

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ижросини таъминлаш, фармоннинг 8-бандида кўзда тутилган аҳолинини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани Боғи Обод, Себзор ва Эҳтиром маҳаллалари аҳолисига "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан кўмак кўрсатилмоқда. 12 минг нафарга яқин аҳоли яшовчи ушбу қишлоқларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тоза ичимлик суви тармоғини ўтказиш ишлари бошлаб юборилди.

 

Ушбу қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун Фонд томонидан бир километрлик қазиш ва монтаж ишлари бошлаб юборилди. Хайрли ишларда кўплаб инсонлар иштирок этмоқда.
Кеча, 23 январь куни мазкур қишлоққа тоза ичимлик суви тармоғини ўтказиш учун совуқ сувга мўлжаланган "ф75/PH-10" русумли 1000 (минг) метр қувур “Вақф” хайрия жамоат фонди тамонидан сотиб олинди.

Ушбу қувурлар яқин кунларда ўрнатилиб, сувга муҳтож бўлган инсонларга Аллоҳнинг неъматини етказа бошлайди. Шундай савобли ишлардан четда қолмайлик. Меҳнатимиз, маблағимиз, сўзимиз билан ҳисса қўшайлик.

 

Бу масала жуда кўп оят ва ҳадисларда баён этилган.

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Тағобун сурасида шундай дейди: “Агар сизлар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз (муҳтожларга эҳсон қилсангиз), У сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва (гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ миннатдор (оз олиб, кўп берувчи) ва ҳалимдир.” (Тағобун, 17 оят).

 

Ташна инсонга сув бериш, чанқоғини қондириш борасида кўплаб ҳадислар келтирилган.

 

Жаририйдан ривоят қилинади: «Ким мўминни оч ҳолда учратиб, унга таом бериб тўйдирса ва сув бериб чанқоғини қондирса, албатта жаннат эшикларининг биридан киритилади».

 

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмонга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизур. Қайси бир мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари ила таомлантирур. Қайси бир мусулмон сувсиз, чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ азза ва жалла уни «раҳийқи махтум»дан сероб қилур», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

 

«Раҳийқи махтум» – жаннат шаробидир. Ушбу ҳадисда инсон ҳаётида доимий равишда эҳтиёж тушиб туриладиган уч нарса – кийим, таом ва шароб ҳақида сўз кетмоқда. Ушбу уч нарсадан бошқа нарсалари йўқ одам ўзини унча муҳтож сезмайди. Аммо кийгани кийими йўқ одам қай аҳволга тушишини ўйлаб кўринг-а! Егани таоми йўқ, ичгани шароби йўқ одамнинг ҳолатини тасаввур қилиб кўринг-а! Шунинг учун ҳам Ислом таълимотларида ушбу уч нарсага алоҳида эътибор берилган.

 

Ҳазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ким сув бор жойга сув чиқарса, бир жонни озод қилгандек бўлади, ким сув йўқ жойга сув чиқарса, бир жонни тирилтиргандек бўлади” (Ибн Асокир ривояти).

 

Қудуқни Аллоҳ таоло розилиги йўлида Вақф қилиш энг эзгу амаллардан бири ҳисобланади. Шундай экан Фонд юртимиз аҳолисини "Оби-ҳаёт" акциясида фаол иштирок этишга, тадбиркорларни эса шундай эзгу амалларни бажаришда қатнашишга чақиради.

 

Хайрия акциялари: ➡️ http://vaqf.uz/uz/promote 

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

24 Январь