"Вақф" фонди ишлаб чиқарган нон маҳсулотларини болаларга тақдим этди

Фонд фаолиятини асосий йўналиши бўлган вақф мулкларига эгалик қилиш, уларни бошқариш ва тасарруф этишда жаҳон тажрибаси ўрганилиб, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти Қибрай тумани, Салар ш.ф.й. ҳудудидаги жами 16 гектар ер майдони ҳамда ушбу ҳудудда қурилиши бошланган бинолар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан "Вақф" хайрия жамоат фондига вақф мулки сифатида беғараз ўтказилган эди.

 

Жорий йилнинг 15 апрель куни вақф мулкида йўлга қўйилган нон цехи ўз фаолиятини бошлагани ва дастлабки нон маҳсулотлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг дуои хайрлари билан чиқарила бошлангани айтилган эди.

 

Жорий йилнинг июнь ойида ушбу цехларда тайёрланган маҳсулотлар Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Республика болалар руҳий-асаб касалхонасида даволанаётган болажонларга хайрия сифатида улашилди. Ушбу шифохона вақф мулкида ташкил этилган корхона хайрия ишларини амалга оширган илк маскан бўлди.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди юртимизнинг саховатли инсонларини вақф ишларида фаол бўлишга, давомли бўлувчи хайрия ишларида ҳамкорлик қилишга чақиради. Қиёматга қадар савоби етиб турувчи эҳсонларни қилишда ҳамкорлик қилинг!

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

 

1 Июль, 2019 йил | 1178