Блогерга чора кўриш ҳақидаги хабар асоссиз !!

                                 Блогерга чора кўриш ҳақидаги хабар асоссиз !!

Ижтимоий тармоқларда “Вақф” фонди блогерга чора кўрилишини сўраб ИИБга ариза берди” номли бир энлик қисқа хабар тарқатилди. Ахборот майдонида хабарлар оқими кучайгани сари ишончли ва тўғри манбаларни аниқлаш жуда ҳам долзарб бўлмоқда. Сир эмас, одамлар баъзан ёлғон хабарларга ҳам дуч келади. Ушбу асоссиз хабар ана шундай ёлғонлардан бири бўлди.

Хабарда гўёки, “Вақф” фонди раҳбари ижтимоий тармоқларда уйдирма тарқатган блогерни аниқлаб, унга нисбатан чора кўришини сўраб, Ички ишлар органларига мурожаат қилингани иддао қилинган.

Шуни қатъий маълум қиламизки, бундай мазмундаги хат “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Ички ишлар идораларига берилмаган. Таъкидлаш керакки, “Вақф” фонди раҳбарининг барча хатлари махсус бланкда чоп этилиб, имзо ва муҳр билан тасдиқланади ҳамда рўйхатга олинади. Буни иддао қилинган тегишли Ички ишлар идорасига расмий мурожаат қилиш орқали бундай ариза киритилмаганининг тасдиғини олиш мумкин.

Шунингдек, ушбу хабарда шу кунларда “Вақф”да Адлия вазирлиги иқтисодий-молиявий ҳужжатлар бўйича катта текширув бошлади, деган мазмундаги гаплар ҳам келтирилган.

Таъкидлаймизки, айни пайтда Фонднинг барча ходимлари ўз иш жойида белгиланган вазифаларини адо этмоқда. Адлия вазирлиги ёки бошқа ваколатли органлар томонидан текширув ишлари олиб борилаётгани йўқ.

Мазкур хабардаги важлар уйдирма бўлиб ҳеч қандай асос ҳамда мантиққа эга эмас. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бундай мазмундаги ёлғон хабарларга эътибор бермасликлари сўралади.

Журналистлар ва блогерлар ҳам олинган фактларни эълон қилишда уларнинг тўғрилигини текшириб кўриши, аҳоли ишончини суистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлишлари мақсадга мувофиқдир.

Сўзимиз якунида, турли баҳс-мунозалардан четланган ҳолда, ҳурматли муаллифга бирор муаммоли масалани кенг жамоатчиликка етказишдан аввал уни атрофлича ўрганиш, қандайдир хусуматларни четга суриб, ислоҳ учун ҳаракат қилиш манфаатли бўлишини эслатиб ўтамиз.

“Вақф” фонди ўз фаолиятини такомиллаштириш бўйича билдириладиган барча ўринли таклиф ва мулоҳазаларни мамнуният билан қабул қилишга тайёр эканини маълум қилади.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

23 Январь, 2020 йил | 1016