«Вақф» фонди раҳбари — икки йиллик фаолият сарҳисоби ва олдиндаги режалар ҳақида

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати Рамазон ойи муносабати билан қабул қилган қарорида закот ва фитр садақаларини идора ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳисоб рақамига ўтказишни тавсия қилди. Шу муносабат билан «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар домла Халилов билан учрашдик.

Вақф ўзи нима?

«Вақф» сўзи луғатда «кутиб туриш, сақлаб туришлик» деган маъноларни англатади, яъни вақф қилинган нарса сотилмайди, мерос қилиб қолдирилмайди. Истилоҳда эса аслни ушлаб туриб, фойдасини кишиларга эҳсон қилишга вақф деб айтилади.

Вақф билан инсон Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилади ва шу аснода Аллоҳ розилигига эришишга ҳаракат қилади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аслини тутиб тургин, самарасини эҳсон қилгин», деб марҳамат қилганлар.

Исломда вақфнинг ҳукми қандай? Унинг далиллари нималардан иборат?

Аллоҳ Қуръонда марҳамат қиладики: «Яхши кўрган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунларингизга қадар яхшиликка, жаннатга ета олмайсизлар».

Бу ҳақида Қуръони каримда кўп оят ва далиллар келтирилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: «Инсон вафот этса, унинг амали тўхтайди. 3та нарсанинг савоби етиб туради. Биринчиси – садақаи жория, иккинчиси – фойда берадиган илм, учинчиси – дуо қиладиган солиҳ фарзанд».

Биламизки, шу садақаи жория савоби доим инсонга етиб турадиган ажр ҳисобланади. Шариатимиз вақфнинг ҳукмларини, асосларини шу оят ва ҳадислардан истиҳбод қилиб чиқариб олган.

Усмон розияллоҳу анҳу қудуқни сотиб олиб, Аллоҳнинг йўлига вақф қилганлар. Ҳозир ҳам Мадинада шу қудуқ бор ва ундан кўп йиллар давомида мусулмонлар манфаатдор бўлган.

Савоби доимий бориб турадиган нарсага садақаи жория дейилади. Вақф мана шу каби далиллардан олинган.

«Вақф» хайрия жамоат фондининг вазифалари нималардан иборат?

Фонд ўз олдига бир қанча мақсадларни қўйган. Диний таълим муассасалари, толиби илмлар, устозлар, имом-хатиблар, ноиб-имомлар, масжидда ишлайдиган ходимлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами, ногиронлиги бўлганлар ёки кам таъминланган кишиларга ёрдам бериш, масжид, мадрасаларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва диний-маърифий китобларни чоп этиш, ота-боболаримиз қолдирган меросларни халққа етказиш кабилар фонднинг вазифаларидир.

Фонд маблағлари қандай шакллантирилади?

Хайрия жамоат фонди асосан 3та: вақф, хайрия, закот (ушр, фидя, фитр садақаси) ҳисоб рақамларига эга.

Бу ҳисоб рақамларга алоҳида маблағ ташлайдиганлар учун «Вақф» фондида биллинг тизими ташкил қилинган бўлиб, ҳар бир фуқаро туширган маблағини vaqf.uz сайти орқали кўриши ва қаерга сарфланганини билиши мумкин.

Фондга закот маблағини интернет тўлов тизимлари орқали ўтказса ҳам бўлади.

Фонд фаолиятининг тамойиллари

«Вақф» хайрия жамоат фонди Аллоҳнинг каломи, Пайғамбар с.а.в. суннатлари ва юртимизнинг қонун-қоидаларига кўра ўз ишини амалга оширади. Шариат кўрсатмасига мувофиқ, закотларни ҳам ўз эгаларига етказиб беришга ҳаракат қилади, чунки вақфга тушган ҳар бир маблағ омонат ҳисобланади.

Омонат – энг оғир юк. Мана шу оғир юкни эгасига топшириш ваколати бизга берилган экан, бу Аллоҳ олдида ҳам, инсонлар олдида ҳисобини берамиз.

Қандай кишиларга закот, ушр, хайриялар беришлар бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилган.

Нималарни вақф қилиш мумкин?

Вақф асосан мол-мулклардан, яъни фойда берадиган нарсалардан қилинади. Озиқ-овқат вақф қилинмайди, чунки улар вақфдан ташқаридаги нарсалардир. Илгарилари масжидлар, йўллар қуриш, боғ яратиш, ерлар вақф қилинган.

Вақф қилувчи киши ўзининг вақф қиладиган мулкига баъзи бир шартларни қўйиши мумкин. Вақф қилинадиган мол-мулкимнинг бир қисми ўзимнинг аҳлимга қолдирилади, бундан чиққан фойданинг бир қисми камбағаллар, толиби илмларга берилади, қолган қисмига китоб чоп этиш мумкин, деган шартларни қўйиши мумкин.

«Вақф» фондига хонадони, биносини вақф қилганлар бўлдими?

«Вақф» фондига ўз мулкини топшириш ҳолати ҳозирча учрамади. Лекин таклифлар бўлиб турибди.

Халқимизга вақф шундай садақаи жорияки, оқиб турувчи савоб эканини тушунтирсак, инсонлар албатта ўз мулкларини Аллоҳнинг йўлида улуғ вақф қилишга муваффақ бўлишади.

Хорижий вақф ташкилотлари билан қандай ҳамкорлик қилинмоқда?

Ўтган йили Туркия диёнат бошқармаси билан учрашув қилдик. Уларнинг вақф борасидаги тажрибаларини кўрдик, меморандум имзоладик. Уларнинг вақфига 45 йил бўлибди.

Ислом тараққиёт банки билан вақф қонунчилиги бўйича ҳамкорлик қилишга ҳаракат қиляпмиз. Вақф қонунчилиги ҳақида Ислом тараққиёт банки масъул ходими Восим Абдулваҳҳоб билан 2 марта учрашув ўтказдик.

Закот маблағларини олувчиларнинг ҳақиқатан ҳам ҳақдор экани текширилади

Закот, фитр, фидя учун алоҳида ҳисоб рақам очилган. Закот ибодат деганидир. Исломнинг беш фарзидан биридир. Закотни ўрнига туширишлик ҳам фарз. Бу оддий тушунчамас. Фонд эса тушган закот пулларини ўз эгаларига етказишни кафолатлайди.

Бизга келадиган етимлар, касалманд, ногиронлар – ҳаммасининг ҳақдор эканликларини имом хатиблар ҳам тасдиқлаб, маҳалла фаоллари ҳам ҳақиқатда закотга муҳтож эканини тасдиқлаб, ҳужжатлаштирилгандан кейингина ўшанга закот маблағлари беришга ҳаракат қилинади.

Закот кўр-кўрона мурожаат қилган одамга берилавермайди. Закот ҳақли инсонларни текшириб, ҳақиқатда шу закотга ҳақли бўлса, имом хатиблар ёки маҳалла фаолларидан шу киши закотга ҳақли деган ҳужжат олганимиздан кейин унинг мурожаати қондирилади.

Жамоат фондига тушадиган маблағларни онлайн кузатиш имкони бор, аммо охирги вақтларда маблағлар онлайн ўзгармаяпти. Бунинг сабаби нима?

Фонд биллинг тизим асосида шакллантирилади, яъни қанча маблағ тушса, бу ўша заҳоти тизим орқали кўринади ва харажатлар ҳам акс этади. Масалан, сиз закотингизни ташладингиз. Исмингиз ёзилади ва номингиздаги пул қаерга берилганини ҳам кўрсатадиган тизимни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозирги пайтдаги тизим бўйича тушган ва харажат қилинган маблағ кўринади.

2 йиллик сарҳисоб

Фонд катта хайрия ишларини амалга оширди. Толиби илмларга контракт тўлаб бериш, имом хатибларни қўллаб-қувватлаш, умуман олганда, республикадаги барча вилоятларга мурувват карвони асосида хайрия тадбирлар амалга оширди.

Шу кунгача фондга 5 млрд 846 млн 810 минг сўм пул тушди.

Ундан 5 млрд. 193 млн. 230 минг сўм пулни 6500 нафар одамга тақсимот қилиб берилди.

Бу маблағ тушишини ҳам биллинг тизими орқали назорат қилиб борамиз.

Фонд томонидан 10та акция ўтказилди. «Илмга кўмак», китоб, масжидлар ва «Обод хонадон» акциялари мавжуд. Фонд бу акциялар доирасида 30дан ортиқ масжидларни таъмирлашга ва баъзиларини реконструкция қилишга муваффақ бўлди.

Яқинда Бухорода қаттиқ шамол туфайли 21та масжид том қисмини шамол кўтариб ташлади. Жамоат фонди ҳомийлар жалб қилган ҳолда шу масжидлар том қисмини ёпиб берди. Куни кеча мана шу 21та масжиднинг ички таъмири учун қурилиш материалларини жўнатдик.

Йил давомида амалга оширилган ишларимиз бор. Навоий вилоятининг Нурота тумани Чуя қишлоғида «Чуя» масжиди бор. «Вақф» фонди шу масжидни одамларга қулай ҳудудга кўчириб, янги масжид қуришга ҳисса қўшди. Қашқадарё, Самарқанд, Навоий вилоятлари ва бошқа чекка ҳудудларда шундай ишларни амалга оширяпмиз.

«Вақф мулкидан оби ҳаёт» акцияси бор. 5 км масофада Ҳаким Термизий зиёратгоҳи ёнига сув олиб боришга муваффақ бўлдик. Самарқандда ҳам шунақа ишлар амалга ошириляпти.

«Обод хонадон» акцияси доирасида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 3та уй қуриб берилди.

«Малҳам» хайрия акцияси доирасида Қон қуйиш гематология марказида оққонга чалинган болаларга ёрдам бериб келяпмиз. Ногиронлиги бўлган болаларга кўмак беришга ҳаракат қилиняпти.

Бизга мурожаат қилганларнинг ҳар бирига эътибор бериб, мурожаатини қондиришга ҳаракат қиламиз. Шунақа мурожаатчилар келадики, қанийди имкониятингиз бўлса, уларнинг ҳожатини чиқарсангиз. Булар асосан жигар циррози билан касалланишган. Ҳаттоки жигари ярмини ўз эрига беришга рози бўлган аёллар келди.

Юзлаб одамлар Ҳиндистонда операция қилишга муҳтожлигидан келяпти.

Фонднинг клиникасини очиш режалаштирилмоқда

Тиббиёт клиникаси очиб, бизга мурожаат қилганларни даволаш, керак бўлса Ҳиндистондан шифокорларни олиб келиш ишларини амалга оширмоқчимиз. Муҳтожларга бу хизматлар бепул бўлади.

Шунингдек, Москванинг протез ишлаб чиқарадиган корхонаси билан ҳамкорлик қилишни мўлжаллаштиряпмиз, чунки уларнинг протезлари анча сифатли экан.

Мурожаат қилаётганларнинг аксарияти кичкина пул сўрамаяпти. Камида 50-100 млн. сўмдан сўраляпти. 3538 нафар фуқарога 2 млрд 274 млн сўм маблағ ажратилди. Жумладан, жарроҳлик амалиёти учун 776 нафар шахсларга 922 млн сўм, дори-дармон учун 1071 нафар шахсга 955 млн сўм ажратилди. 

Рамазон ойи мурожаати

Мана, улуғ ойда турибмиз. Улуғ ой ичидаги энг улуғ 10 кунлигида турибмиз. Савоблар, ажрлар чексиз бериладиган вақтда турибмиз, чунки бу вақт 1 йилдан кейин қайтиб келади. Бизга шу ёки насиб қилади, ёки қилмайди. Демак, бизга шу нарса насиб қилаётган экан, бу кунларда улуғ кунларни қилишга ҳаракат қилишимиз керак.

Ҳар бир инсон: илм ўқийдиган киши кўпроқ илм билан, сўз билан эҳсон қиладиганлар сўз билан, бой-бадавлатлар ўзларининг саховатлари, закотларини ўрнига туширишлари билан ҳаракат қилишлари лозим. Чунки бу кунда бериладиган ҳар бир маблағнинг қиймати ажри, савобини олиб келади.

Шу саховатпеша ватандошларимиз бу кунларни ғанимат билишга, бу кунларда савоб иш қилишда мусобақалашишга чақираман, чунки Аллоҳ Қуръонда бандаларини савоб иш қилишга мусобақа қилишга буюрган. Айниқса, сахий кишиларимизнинг бу кундаги мусобақаси бошланди. Саҳобалар мана бу кунда мусобақалашарди, яъни ким кўп яхшилик қилишга мусобақа қилишарди.

Шундай имтиҳон кунларда кўпроқ мусобақа қилишимиз керак. Яхшиликнинг ҳам, савобнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки, Аллоҳ 3та нарсани ичида 3та нарсани яширган. Биринчиси, яхшиликларнинг ичида ўз розилигини яширган. Яхшиликнинг катта-кичиги маълум эмас. Кичкина яхшилик бўлсаям, қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Балким шунинг ичида Аллоҳнинг розилиги, файзи, баракаси бордир.

Аллоҳ Қуръонда: «Кимки заррача мисқол савоб бўлса ҳам қилса, у Аллоҳнинг ҳузурида кўради», деди. Бу кунларда қилинган савоб катта ажрларни келтиради.

Иккинчиси, гуноҳларнинг ичида Аллоҳ ўз ғазабини яширган, дедилар. Қайси гуноҳ амалини? Биз билмаймиз. Катта гуноҳми ёки кичиги? Ёки бўлмаса бир сўзимизнинг ортидан келган гуноҳми? Демак, кичик гуноҳ бўлса ҳам, уни писанд қилмаслик эмас, унга йўл қўймаслигимиз, сақланишимиз керак.

Учинчиси, Аллоҳ авлиёларни халқ ичига яширган, дедилар. Кимни кўрсанг, авлиё бил, дейди халқимиз. Биз кишиларга худди шундай муомала қилсак, Аллоҳнинг дўсти сифатида мурожаат қиладиган бўлсак, жамиятда ўзаро адоват, ғазабноклик пайдо бўлмайди. Жамият ислоҳ бўла бошлайди.

Иккинчи маъноси – Аллоҳнинг валий дўстлари халқ ичида бўлади. Улар абдоллардир. Уларнинг дуолари Худонинг даргоҳида қабул бўлади. Шунинг учун бу кунларда ҳар бир киши дуо қилиши керак. Ҳар бир киши дуо қилса, балки Аллоҳнинг валийси ўша инсондир. Ўшанинг дуоси орқали мўл-кўлчилик бўлади.

22 Май, 2020 йил | 883