Ўзбекистонда экологик ва зиёрат йўналишларини уйғунлаштирган турлар яратила бошланди

Бугунги кунда, бутун дунёда COVID-19 коронавирус пандемияси оқибатида юзага келаётган инқироз даврида мамлакатимизда туризм соҳасини сақлаб қолиш, жонлантириш ва ривожлантириш муҳим вазифалардан бири ҳисобаланади.
Айниқса, пандемия сабабли ўтказилаётган карантин тадбирлари даврида янги туристик маршрутлар ва хизматларнинг турларини татбиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон гидлар уюшмаси экологик ва зиёрат йўналишини уйғунлаштирган турларни яратишни бошлади.
uzbektourism.uz сайти хабар беришича, ушбу турларнинг биринчиси Тошкент вилоятининг шимоли-шарқий қисмида амалга оширилади. Ўзбекистонда илк маротаба табиатнинг бетакрор гўзаллиги ва зиёрат масканлари уйғунлашган маршрутлар туристларга таклиф қилинади. Саёҳат шубҳасиз, ватандошларимиз ва юртимиз меҳмонлари учун қизиқарли бўлади.
Мазкур янги туристик маршрут Хожикент петроглифларини, Чорвоқ сув омбори, Бурчимулла қишлоғининг тош уйларини, Боғустон қишлоғидаги Шайҳ Умар Валий Бўғустоний зиёрат мажмуасини ҳамда маҳаллий аҳоли ҳикояларига кўра Нақшбандия тариқати асосчиси Бахауддин Нақшбандий ташриф буюрган сирли ғорни ўз ичига олади.
“Тошкент вилоятида жойлашган Яккатут ва Нанай қишлоғининг меҳмондўст аҳолиси билан мулоқот қилиш, у ердаги гўзал манзаралар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди” дейди – Ўзбекистон гидлар уюшмаси раиси Наргиза Саломова.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

10 Июнь, 2020 йил | 933