Ислом тараққиёт банкининг 46-йиллик йиғилиши Ўзбекистонда ташкил этилади

Бу тадбир хорижий ишбилармон доиралар ва халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ва мамлакатнинг яхшиланаётган инвестициявий муҳитига қаратиш ҳамда ИТБ гуруҳи билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов видеоконференция шаклида Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) президенти Б.Хажар билан музокаралар ўтказди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, музокаралар чоғида томонлар пандемия вақтида аҳолини самарали муҳофаза қилиш, касалланган шахсларни ўз вақтида ташхислаш ва даволашини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек, глобал пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш бўйича келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

Б.Хажар ИТБ ихтисослашган клиникалар учун тиббиёт ускуналари ва материаллар харидларини молиялаштириш учун  стратегик тайёргарлик ва жавоб чоралари пакетининг (умумий миқдори 2,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этади) имкониятларидан фойдаланган ҳолда коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва аҳолига зарур ёрдам кўрсатишда Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Хусусан, мамлакатда ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлар ишлаши учун марказлаштирилган кислород таъминоти тизимини сотиб олиш мақсадида пакет маблағларининг бир қисмини қайта йўналтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, музокаралар давомида 2021 йилда ИТБ бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу тадбир хорижий ишбилармон доиралар ва халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ва мамлакатнинг яхшиланаётган инвестициявий муҳитига қаратиш ҳамда ИТБ гуруҳи билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.

Музокаралар якунида барча муҳокама этилган йўналишлар бўйича биргаликда иш олиб боришни фаоллаштириш ва ИТБ бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўриш доирасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

 

Манба

30 Сентябрь, 2020 йил | 764