Зиёрат туризми доирасида Тошкент ва Исломобод ўртасида чартер рейслари йўлга қўйилади

Ўзбекистон элчихонаси Покистоннинг «Serene Air» авиакомпаниясининг тижорат ишлари бўйича бош директори Холид Башир билан видеоконференция ўтказди, деб хабар беради «Дунё».
Онлайн-тадбирда Ўзбекистон томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Улуғбек Аъзамов, транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Музаффар Комилов иштирок этди.
Мулоқотда Ўзбекистон зиёрат туризмини тарғиб қилиш доирасида Исломобод ва Тошкент ўртасидаги чартер рейсларининг техник масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзбек авиакомпанияларининг Покистонга парвозларини кўпайтириш, хусусан, “Тошкент-Исломобод-Тошкент” йўналишини очиш масаласини кўриб чиқди.
Покистонлик шерикларга Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мамлакатимизнинг логистика имкониятларининг жозибадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, юртимиздаги айрим аэропортларга «очиқ осмон» режими берилгани, хусусан, зиёрат туризми доирасида махсус парвозларни амалга ошириш учун имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди.
Учрашув давомида, шунингдек, Покистондан юк ташиш рейсларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди, хусусан, иштирокчилар парвозлар географиясини кенгайтириш тўғрисида келишиб олди.
Анжуманнинг муҳим кун тартиби пандемиядан кейинги даврда зиёрат туризми доирасида туризмни ривожлантириш масаласига қаратилди. Хусусан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари У.Аъзамов Ўзбекистоннинг туризм соҳасини ривожлантириш бўйича тажрибаси ва бугунги кунда ушбу тармоққа тақдим қилинаётган имтиёзлар, хусусан, республика раҳбарияти ташаббуси билан сайёҳлик соҳасини қўллаб-қувватлаш доирасидаги «Cash Back» дастури ҳақида тўхталди.
Ўз навбатида, Холид Башир авиакомпания Ўзбекистонга тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширишга тўлиқ тайёрлигини билдирди. Унинг сўзига кўра, бугунги кунда компания паркида 5 та «Боинг 737-800» ва битта «А-330» самолёти мавжуд. Ушбу маркадаги яна иккита самолёт 2021 йил январь ойининг охирига қадар фойдаланишга топширилади.
2020 йил март ойида компания IATAдан 2020 йил апрелидан БАА, Хитой ва Саудия Арабистонига мунтазам халқаро рейсларни амалга ошириш учун рухсатнома олган. Бироқ пандемия бошланганлиги сабабли компания ушбу режани кечроқ муддатга сурди. Шунга қарамай, компания чет элда қолган покистонликларни ўз ватанига қайтаришда фаол иштирок этди ва ушбу мамлакатларга 55 та рейсни амалга оширди.
Юқоридагилар, шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон авиация маъмурлари ўртасида икки томонлама келишувлар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, «Serene Air» қисқа вақт ичида зиёрат туризми доирасида Ўзбекистонга чартер рейсларини амалга ошириш учун ўзбек томонига керакли мурожаатларни юборади.
Томонлар мунтазам равишда веб-семинарлар ва алоҳида музокаралар ўтказишга қизиқиш билдирди.

muslim.uz

6 Январь, 2021 йил | 814