Диний идора уламоси Канададаги ватандошларга суҳбат қилиб бермоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази катта уламоси Муҳаммад Айюбхон домла Канаданинг Торонто шаҳрига қилган сафарининг илк кунидаёқ ватандошлар иштирокида Саеда Кҳадижа Ислом марказида Рамазон ойининг афзалликлари ва бу фазилатли ойда бажариладиган амаллар ҳамда мусофирчиликда динимиз арконларига амал қилиш, қадриятларимизни сақлаб қолиш ва дин йўлида ўзаро бирдам бўлиш ва унга холис хизмат қилиш каби долзарб мавзуларда илмий суҳбат қилиб бердилар.

Шунингдек, ватандошларни қизиқтирган саволларга оят, ҳадис ва уламолар ижмоси, фикр-мулоҳазалари асосида жавоблар тақдим этилди.

Ташриф давомида устоз Муҳаммад Айюбхон домла мазкур нуфузли масжид бош имоми ва Канада Имомлар кенгашининг собиқ президенти Др. Ҳамид Слими ва масжид ходимлари билан учрашди. Унда Ўзбекистонга Ислом кириб келиши тарихи, диёримиздан етишиб чиққан уламолар қолдирган улкан мероси ҳақида ўзаро мулоқот қилди.

Шундан сўнг барча тадбир иштирокчилари биргаликда ифторлик қилишди.

Хуфтон ва таровеҳ намозида қатнашган минглаб иштирокчиларга ватанимиз ҳақида АҚШдаги Ўзбекистон Элчихонаси мутасаддилари томонидан батафсил маълумотлар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Диний идора уламоси Канададаги ватандошларга суҳбат қилиб бермоқда
9 Aprel, 2023 yil | 211