"Вақф" фонди ногирон йигитнинг никоҳ тўйини ўтказади

"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан жорий йилнинг 24 апрель куни Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" жоме масжидида йирик хайрия тадбири ташкил этилди. Ушбу тадбирда Фонд бошқарув раиси Искандар Халилов ҳам иштирок этди. Тадбир давомида кўмакка муҳтож инсонларга 108 миллион сўм миқдоридаги моддий ёрдам пуллари тарқатилди.

 

"Вақф" фонди раҳбари иштирокчилар орасида бўлажак куёв ўтирганини билдириб, Фонд томонидан яқин кунларда тўй маросими ташкил этилишини айтди.

 

Тадбир якунида "Вақф" фонди раҳбари иштирокчилар орасидаги биринчи гуруҳ ногирони Шарипов Азизжон билан дилдан суҳбат қилиниб йигитнинг муаммоларига қулоқ солинди.

 

Маълум бўлишича, фуқаро Шарипов Азизжон жорий йилнинг апрель ойида "Вақф" хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиалига ариза билан мурожаат қилган. Жисмоний, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож ушбу шахс мурожаатида ўзининг аянчли аҳволи, ёлғиз онаси билан истиқомат қилишини билдирган. 1983 йилда туғилган Азизжон 1991 йилда бахтсиз ҳодиса туфайли электр токи уриши оқибатида икки қўлидан айрилган. Энг ачинарлиси орзулари осмон бу ватандошимизнинг оилавий шароити ҳам анчайин оғир, боқувчиси ҳам йўқ.
Фонд раҳбари фуқаронинг мурожаатини инобатга олиб, Азизжоннинг никоҳ тўйини ўтказиб бериш ҳамда унинг тўй ҳаражатлари Фонднинг "Tўйлар" акцияси доирасида қоплаб берилишини таъкидлаб ўтди.

 

 

Оқил киши ўзи учун дини ва дунёсида манфаат берадиган нарсаларга ҳарис бўлади. Бир инсоннинг бахтли оила қурушига ҳисса қўшиш, энг олий саодатлардан бири ҳисобланади!

 

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига хос хайрли ишларда фаол бўлинг.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

25 Апрель