Яхшилик албатта қайтади

   Эзгулик  инсондаги энг олий фазилат. Яхшилик қилиш орқали биз ҳеч нима йўқотмаймиз, аксинча  Ўзлигимизни англаб  борамиз. “Яхшилик қил”, бу иборани бобо-ю-бувижонларимиздан жуда кўп бора эшитганмиз. Кимнингдир оғирини енгил қилиб, унга ёрдамингиз тегса, кўнглингиз беҳад ёришиб кетади. Бу ҳисни яқиндагина мен ҳамт туйдим. Бир куни қаердандир  қайтаётган эдик. Таксида  ёнимда ўтирган қиз негадир ўзини қўярга  жой топа олмай, йиғлагудек бўлиб ўтирарди.  Кейин билсак,  у  онасидан олган йўл ҳақини тушириб қўйган экан.

  • Шунақа қиласларда, ҳаммаларинг - деди жаҳли чиққан ҳайдовчи. Тушадиган манзилига етгач, эрталаб бувимдан китоб учун олган пулдан ҳалиги қизга узатдим. У жудаям севиниб кетди.  Ундаги  бояги қўрқув тарқалиб кетганди. Унинг қувончи менга ҳам юқди.. Ўша куни барча дарслардан қаторасига беш олдим. Шу ҳафтада ўтказилган “Аълочи ўқувчи” танловида биринчи даражали диплом ва эсдалик совғасини қўлга киритдим. Энг қизиғи, мен олмоқчи бўлаётган  китоб совғанинг ичида бор эди. Қувонганимдан теримга сиғмай кетдим. Ишонаманки, кимгадир яхшилик қилсангиз, албатта, у сизга кутилмаган томондан мукофот бўлиб қайтади.     

Робия ОРТИҚБОЕВА, Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманидаги  16 - мактабнинг 6- синф ўқувчиси.

26 Апрель, 2021 йил | 732