Қуръонни жамлаш ва нашр қилиш тарихи

Қуръони каримни жамланиш тарихида китобат – ёзиб қолдириш ўзига хос ўрин тутган. Оятларни ёзиб олиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврлариданоқ бошланган, котиб саҳобалар ҳар бир оятни нозил бўлиши билан кечиктирмай ёзиб олишга катта эътибор беришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонга бандалар сўзи аралашиб қолмаслиги учун Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олмасликни буюрганлар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида эса тарқоқ саҳифалардаги оятлар бир бутун ҳолга – Мусҳаф шаклида ёзиб қолдирилган. Бу жамлашда бош котиблик вазифасида бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу фақат оғзаки тиловат билан кифоянмадилар, балки, эшитган ҳар бир оятларни мавжуд битикларга солиштириб, оғзаки тиловат ёзувдаги билан мос келиб, тасдиғини топса, Мусҳафга қўшардилар. Бу ҳолат ҳам Мусҳаф тарихида ёзишни нечоғли юқори аҳамият касб этишини кўрсатади.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ёзиб, катта шаҳарлара тарқатилган Мусҳафлар эса, кейинги авлод хаттотлари учун Мусҳафлар кўчириб тарқатишларига асосий манбаа бўлиб хизмат қилди. Ўша замонларда Мусҳафлар қўл меҳнати билан кўчирилган

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг набиралари Али Зайнулобидин айтадилар: “Мусҳафлар варағи кетма-кет (бир-бирига боғланган, уланган) бўлмас эди, кимда Мусҳаф бўлса масжид минбарини олдига келиб, “Ким хоҳласа мендан кўчириб олсин” дер эди. Хоҳловчилар келиб ундан бир саҳифа, бир саҳифа қилиб Мусҳафни охиригача кўчириб олишар эди” (Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 182-саҳифа).

Абу Ҳакима ал-Абидий айтадилар: “Мен Куфа шаҳрида хаттотлар билан биргаликда Мусҳафни кўчирар эдим. Кунлардан бирида Али розияллоҳу анҳу биз кўчирган нусхалардан бирини кўрдилар ва бизнинг ёзгани хатимиз у зотни жуда ажаблантирди, шунда “Аллоҳ нурлантирган нарсани (Мусҳафни) мана шундай нурлатаверинглар”, бошқа бир ривоятда “Аллоҳ таоло бунга (Мусҳафга) нур бергани каби сизлар ҳам нурлантиринглар” дедилар” (Канзул уммол 10/536 саҳифа).

Исломнинг дастлабки асрларидаги ҳолат шундай бўлган. Ўша замонларда нашр қилиш имконияти бўлмагани учун кимга Мусҳаф керак бўлса, хат саводи борлар ўзи кўчириб оларди, хат саводи бўлмаганлар хаттотларга илтимос қилиб, баъзан ҳақ тўлаш эвазига кўчиртириб олар эди. Хаттотлар имон-эътиқодининг мустаҳкамлиги, Қуръони каримга бўлган ҳурмат-эҳтироми ва асосийси, Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулиятини ҳис қилиб, омонатдорлик билан ўз касбига ёндашуви натижасида Мусҳафлар бехато кўчирилар, камдан-кам ҳолларда йўл қуйилган камчиликлар Қуръонни ёд олган ҳофизлар тарафидан ўз вақтида тўғриланарди ҳам. Айрим моҳир хаттотлар умри давомида юзлаб нусхалар кўчириб, эхтиёжига ярашасини сотар, қолганларини илм давраларига, масжид ва толиби илмларга вақф қилиб тарқатар эди.

Нашр қилиш дастгоҳи ихтиро қилингач, китоб нашр қилиш жабҳасида мисли кўрилмаган ютукққа эришилди. Дастлаб нашр дастгоҳлари Германияда 1431 мелодий санада ишлаб чиқилди. Йиллар давомида бу ускуналарнинг салоҳияти ва имкониятлари кенгайди, дастлаб Италия, сўнгра Франция давлатларида ишлатиладиган бўлди. Кейинчалик мусулмон мамлакатларига ҳам тарқалди.  Жумладан, Ҳалаб шаҳрида 1698 йилда, Ливанда 1733 йилда сурён тилида, кейинчалик араб тилига ихтисослашган, Байрутда 1753 йилда “Қудайс” номли нашриёт фаолияти жорий қилинди. Мисрга франциялик ҳарбий қўмондон Бонапарт 1798 йилда ўзи билан нашр дастгоҳини олиб кириши натижасида Қоҳирадаги “Аҳлийя” матбаасига асос солинган. Кейинчалик бу матбаа “Булоқ” номида фаолият олиб бориб, Ислом оламига жуда машҳур бўлган.  Туркияга Султон Аҳмад III даврида кириб келган. Бироқ бу дастоҳларда диний адабиётларни нашр қилиш ўша замон Турк уламолари тарафидан рухсат берилмаган. 1141 йилдан кейин аста-секин араб адабиёти, тарихи ва луғатига оид китоблар нашр қилинган.

Нашр этиш дастгоҳида чоп этилиши билан тарихда қолган Мусҳаф 1694 йилда Германиянинг Гамбург шаҳрида Абрахам Хинкельман (Abrahmi Hinckelmanni) исмли шарқшунос олимнинг саъй-ҳаракати билан 560 саҳифада нашр қилинган (Тарихул Қуръон: Ҳафаний Носиф 112 саҳифа, Тарихул Қуръон: Муҳаммад Тоҳир Курдий 16, 186-саҳифалар. Ҳозирда Мисрнинг “Дорул  кутуб ал-Мисрия” кутубхонасида (176 рақам остида) ва “Қоҳира” унверситети кутубхонасида бир нусха сақланади). Ҳар бир саҳифа 16 сатрдан иборат бўлиб, оятлар бошланиши тартиб рақами билан белгиланган.

Бундан аввал Италиядаги “Бундуқия” нашриётида ҳам 1530 йилда нашр қилинган, бироқ, ўша замон ҳукмрон бошқарув табақа вакиллари томонидан нашр ўрнида йўқотиб ташланган (Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа).

Шунга кўра, ҳозиргача сақланиб қолган Мусҳафлар орасида энг қадимийси Германиянинг Гамбург шаҳрида чоп қилингани ҳисобланади. Мусҳафнинг мазкур нусхаси бизгача сақланиб қолганлари орасида илк нашр қилингани билан аҳамиятли бўлса-да, кўплаб хато ва камчиликлардан холи эмас эди. Унда учрайдиган хатолар асосан араб тили қоидаларига мос келмаслиги ҳамда нашр дастгоҳидаги техник камчиликларга бориб тақаларди. Масалан, ёнма-ён калималарни ўрин алмашиб қолиши, нуқталарнинг оз ёки кўпайиб қолиши, ораси ажратиб ёзилиши керак бўлган икки калиманинг ораси боғланиб қолиш каби камчиликларни келтириш мумкин.   

Ана шундан кейин Мусҳафлар кетма-кет нашр қилина бошланди.

Дастлабки нашр қилинган Мусҳафлар сифатида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 1787 йилда Мавло Усмон бошчилигида нашр этилган Мусҳафни, Эронда нашр қилинган иккита тошбосма нусха: бири 1828 йили Теҳронда, иккинчиси 1833 йили Табризда нашр қилинган нусхани, Қозон шаҳрида 1877 йилда босилган Мусҳафни, ҳудди шу йили Туркияда хаттот Ҳофиз Усмон қаламига мансуб нашр қилинган Мусҳафларни келтириш мумкин. Қозон шаҳрида босилган нусха аввалги Гамбург шаҳрида нашр қилинган Мусҳафга деярли ўхшаб кетса-да, унда йўл қуйилган камчиликлар олди олинган, калима ва ҳарфларда учраган техник хатолар тузатилган эди. Бироқ ҳарфлар устига қўйиладиган ҳаракатларда камчиликлар бор бўлиб, Мусҳаф сўнгидаги махсус жадвалда йўл қўйилган хатолар кўрсатиб ўтилган (Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 339-саҳифа, Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа). Кейинчалик, Мусҳафнинг кўплаб нашриётларда чоп қилиш оммалашиб кетди. Мисрда 1890 йилда Ризвон ибн Муҳаммад Мухаллалотий бошчилигида, 1923 йилда хаттот Муҳаммад Алий Ҳусайний  бошчилигида нашр қилинган.

Санаб ўтилган Мусҳафларнинг барчасида ҳарфлар Усмоний Мусҳаф асосида, ҳаракатлар эса Халил ибн Аҳмад ва имом Сибавайҳлар асос солган йўналишда бўлган.

Кейинги пайтларда тижорий нашриётларнинг кўпайиши, унда иш олиб борадиган ходимларнинг масъулиятсизлиги, беэътиборлик  билан нашр қилинган бир қанча Мусҳафларда техник хатолар кўпайиб кетиш оқибатида, айрим нашриётлар Мусҳафни кўпайтириб, тарқатиш эмас, балки турли нашрларда учрайдиган хато ва камчиликлардан тозалашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ҳозирда бундай эзгу мақсад сари фаолият олиб бораётган нашриётлар орасида энг кўзга курингани бу – Мадинаи мунавварадаги “Малик Фаҳд” нашриётидир. 1404 ҳижрий сана 20 рабиуссоний ойида Саудия Арабистони подшоҳлиги муассислигида Мусҳаф ва унга алоқадор илм аҳллари, мутахассислардан иборат ўн беш кишилик қўмита ташкил қилинган. Қўмита ҳайъат аъзолари Қуръони каримни ҳар бир калима, ҳарф ва ҳатто ҳаракатлари, тўхташ белги ва кўрсатмалари устида бош қотириб, чуқур тадқиқ қилишган, йиллар давомида Мусҳафга кириб қолган қушимчалар олиб ташланиб, хатолар тузатилган, камчилиги тўлдирилган, бундай машаққатли вазифани уддалаш мақасадида ҳайъат азолари Мусҳафни икки юз мартадан ошиқроқ ўқиб чиқишларига тўғри келган (Диросот фий улумил Қуръон. 505-саҳифа). Нашр учун тайёр ҳолига келган Мусҳафнинг кўриниши, ҳажми ва хат тури борасида ҳам муаммолар бор эди. Ислом оламига машҳур хаттотларнинг Мусҳаф устида олиб борган изланиш ва маҳоратлари илмий ўрганиб чиқилди ва бир неча қўлёзма Мусҳафлар орасидан Дамашқлик хаттот Усмон Тоҳонинг ёзув услуби танлаб олинди. Усмон Тоҳо чиройли ёзиш ва ёзув қоидаларига риоя қилиш билан бир қаторда, танзим яъни тартибга, табвиб, яъни жузларга ажратишни ҳам йўлга қўйган эди. Қуръони каримни 30 жузга бўлиб, ҳар бир жузга 20 саҳифа ажратган, Фотиҳа ва Бақара сурасининг биринчи саҳифасига чиройли шакл бериш учун икки бет, охирги жузда “Бисмиллоҳ” билан сураларнинг ажратилиши кўп бўлгани учун яна икки бет қўшилиб, жами 604 саҳифага жойлаган эди. Бундан ташқари, ҳар бир саҳифани оят билан бошлаб, оят билан якунлашга эриша олгани энг катта афзаллиги бўлган (Нуриддин Ҳошимов, “Қуръони карим ёзувчиси – Хаттот Усмон Тоҳо” мақоласидан қисқартириб олинди). Санаб ўтилган жиҳатлари билан бошқа қўлёзма нусхалардан тубдан ажралиб турган Мусҳафни янги нашр қилинмоқчи бўлган “Мадина Мусҳафи” нусхасига асос қилиб олинди ва ҳозирда дунёга тарқалган Мусҳафлар орасида энг мукаммал шаклга эга бўлди.

Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳомийлигида 1405–1425 ҳижрий йиллар оралиғида “Мадина Мусҳафи” 193 миллион тиражда босиб чиқишга эришилди ва бу дунёдаги энг кўп тираж қилинган нашр деб баҳоланмоқда.

Ҳозирда йилига 30 милион тиражда ҳар хил ҳажм ва кўринишда нашр қилиб, тарқатиб келинмоқда.

Кейинги йилларда юртимизда ҳам ҳар соҳада бўлгани каби диний соҳани ривожлантириш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар Мусҳафи шарифни нашр қилиш ва аҳолимиз мўъмин-мусулмонларининг Қуръони каримга бўлган эхтиёжини қоплаш жиҳатини ҳам қамраб олди.

Аллоҳ таолонинг муборак каломи — Мусҳафи шариф Ўзбекистонда нашрдан чиқиши қалбларни сурурга тўлдирган шарафли воқеалардан бири бўлди. Юртимизнинг кўзга кўринган нашриётларидан бири «Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти томонидан чоп этилган Мусҳафи шариф китобхонлар оммасига тақдим этилди.

Нашриётнинг кўп йиллик самарали фаолияти давомида Қуръони каримни қадимий анъаналарга, ўзига хос тартиб-қоидалари ва одобларига риоя қилган ҳолда, илғор технологиялар ёрдамида сифатли ва гўзал шаклда чоп этиш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилди.

«Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти Мусҳафи шарифни нашр қилиш лойиҳаси бўйича дунёда Мусҳаф нашри бўйича етакчи матбаалардан ҳисобланган — Миср Араб Республикасидаги «Дорус-салом» нашриёти билан ҳамкорлик шартномаси тузди. Тузилган шартномага кўра, «Дорус-салом» нашриёти «Ҳилол-нашр»га Мусҳафни чоп этиш учун махсус ижозат берди ва Қуръони Карим нусхаси андозасини тақдим қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўмагида ушбу табаррук лойиҳани бажаришга киришилди.

Нашриёт имкониятидан келиб чиқиб биринчи босқичда мазкур Мусҳафнинг адади 50000 дона деб белгиланди, дастлаб шу ададдан 10000 нусха савдога чиқарилди ва 31000 сўмдан сотилди. Бундан буён ҳар икки-уч ойда ана шундай ададда Мусҳафи шарифларни халқимизга тақдим қилиб бориш кўзда тутилмоқда. Зеро, Қуръони Карим кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти ёғилиб туради. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг каломи — Қуръони Каримнинг кўп минг нусхада босмадан чиқарилиши ва унинг самараси ўлароқ, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг хонадонида мусҳафлар кўз қорачиғидек сақланиши жонажон Ватанимиз учун мислсиз хайр-баракадир. Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ, ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади.

muslim.uz

16 Февраль, 2021 йил | 4006