Танловга: «Садақа қилиш билан киши ҳақиқий яхшиликка эришади»

«Фазл» сўзи араб тилидан олинган бўлиб, «ортиқчалик, зиёда» деган маъноларни англатади. Қизиқ тарафи шундаки, сиз молингиздан садақа қилиш орқали уни поклаб олиб ва яна ортиқча нарсага ҳам эга бўласиз. Ўша сизга берилган афзаллик фазилат деб номланади. Ҳамма қилинган яхши амалнинг фазилати бўлганидек, садақа қилишнинг ҳам ўзига яраша фазилатлари ва бандаларга бир қанча фойдалари бор. Бу ишларда мусулмон киши аввал ниятини тўғрилаб олиши керак. Аллоҳ таоло бандаларини жаннатига киришлари учун яхши амалларни бажаришга ва Дўзахдан қутилиб қолишлари учун ҳам яхши амалларни қилишга қизиқтиради. Шундай хайрли ишлардан бирини эслаб, муҳтож бўлган кишиларга нисбатан қилишимиз керак бўлган хайру-эҳсон ва садақанинг фазилати ҳамда фойдаси борасида ҳаракат қиламиз.

Садақанинг фазилати ҳамда фойдаси ҳақида уламоларимиз бир қанча китобларида Қуръон ва ҳадисда келтирилган лафзларга таяниб бир қанча нарсаларни санаб ўтишган. Албатта, ҳар бир мужтаҳид олим ўзининг ижтиҳодидан ва ўтган олимларнинг гапларига қиёс қилиб гапиришади. Ҳамма олимларимизнинг гапларини келитиришни иложи бўлмагандан кейин, баъзиларининг садақа ва эҳсон қилган кишига бериладиган савоблар ва фойдалари ҳақида айтиб ўтган ажиб бир сўзларини келтириб ўтамиз. 

  1. Садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради” дедилар.
  2. Садақа хатони ўчиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оловни сув ўчиргандек, садақа хатони ўчиради” дедилар.
  3. Садақа кишини Дўзахга тушишдан асраб қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзахдан яримта хурмо бериб бўлса ҳам ўзингизни эҳтиёт қилинглар”, деганлар.
  4. Садақа қилувчи одам қиёмат кунида садақасининг соясида бўлади. Уқба бин Омир розияллоҳу анҳу мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ҳар бир киши инсонлар ўртасида ҳукм чиқгунча қилган садақасининг соясида туради”, дедилар.
  5. Садақа инсон баданидаги касалликларга даво бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалликларингизни садақа бериш билан даволанглар”, деганлар.
  6. Садақа шунингдек қалб касаллигига ҳам даво бўлади. Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қалбини шафқатсиз, қаттиққўллигидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Агар қалбингни мулойим бўлишини истасанг, мискинни таомлантир ва етимнинг бошини сила”, дедилар.
  7. Садақа шунингдек бир қанча балони даф қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа балони даф қилади ва умрни узайтиради”, деганлар.
  8. Садақа қилиш билан киши ҳақиқий яхшиликка эришади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз”, деган. Оли-Имрон 92-оят
  9. Садақа қилган кишини ҳар куни бир фаришта унинг берган нарсасини тўлдиришини сўраб дуо қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар куни банда тонг оттирар экан, икки фаришта тушиб, уларнинг бири шундай дейди: “Эй Аллоҳим инфоқ қилган кишини инфоқининг ўрнини бергин”, деганлар.
  10. Садақа бу - мол соҳибидан қоладиган яхшиликдир. Яъни мол-дунё эгаси ўзи билан олиб кетадиган нарсаси бу молидан қилган садақасининг савобидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Нафақа қилган яхшиликларингиз ўз фойдангизга”, деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 272-оят).
  11. Аллоҳ таоло садақа берувчининг савобини кўпайтириб беради. Қуръонда: “Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор” (Ҳадид сураси 18-оят), дейилган бўлса, бошқа бир оятда эса: “Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Бас, токи У зот унга берганини кўп марта кўпайтириб берса”, дейилган (Бақара сураси 245-оят).
  12. Садақа қилувчи жаннатнинг хос бўлган садақа эшигидан чақирилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “... Кимки намоз аҳлидан бўлса. Намоз эшигидан чақирилади. Кимки жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан чақирилади. Кимки садақа берувчи аҳлидан бўлса, садақа эшигидан чақирилади. Кимки рўза аҳлидан бўлса, Райён эшигидан чақирилади”, дедилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Бу эшикларнинг барчасидан чақириладиган бирор- бир киши борми? деган эдилар, Набай алайҳиссалом: “Ҳа, сен улардан бири бўлишингга умид қиламан”, дедилар.
  13. Садақа бериш билан қалбда роҳат ва таскинлик пайдо бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бахил ва инфоқ қилувчи кишини зарбул масал қилдилар: “Гўёки у иккисида жангда кийиладиган темирдан бўлган кийим бор. Инфоқ қилувчи киши инфоқ қилса гўёки ўша кийими унга мос келиб, ҳамма аъзосини ёпиб тургандай кенгайиб кетади. Аммо баҳил киши эса инфоқ қилишни истамайди. Гўёки қўлини бўйнига боғлаб олгандай. Инфоқ қилай деса қўли боғланган. Ҳудди шундай унга кийим сиғмай тор бўлиб қолади”, деган мазмунда айтганлар.
  14. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инфоқ қилувчи бой кишини Қуръон билан вақтини ўтказувчи кишининг мақомига тенглаштирдилар. Ҳадисда: “Икки кишига ҳасад қилса бўлади. Бири Аллоҳ унга Қуръонни берган бўлсаю, у кечаю кундуз уни қоим қилса. Яна бир киши, Аллоҳ унга мол-дунё берган бўлсаю, у кечаю кундуз уни инфоқ қилса”, дейилган. Қани энди Аллоҳ муваффақ қилсаю, бу иккисини ҳам жам қилинса. Аллоҳдан бу борада ўз фазлини сўраймиз.
  15. Мусулмоннинг луқмасини ҳалол қилиб берадиган нарса бу - садақа унинг молини покловчи эканлигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй тижорат аҳли, албатта тижоратда бекорчи гаплар ва қасам аралашиб қолади. Уни садақа бериш билан алиштиринглар (пайдо бўлган гуноҳларни садақа бериш билан йўқ қилинглар)”, дедилар.

         Албатта, биз бу ерда садақанинг фойдаларидан баъзиларини санаб ўтдик холос. Қаранг бунақа фойдалар фақатгина садақа қилган инсондагина бўлар экан. Аслида, ким кўп садақа ва эҳсон қилса, шунчалик кўп фойдага эришади. Аллоҳ таоло барчаларимизни олувчи эмас, балки берувчи муҳсин банадаларидан қилсин! Омин!

Ҳайтмурат Ережепов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси 

 

29 Апрель, 2021 йил | 744