Холис яхшилик мукофоти

“Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан миннат ва озор етказмайдиган кишилар учун Парвардигордан мукофот бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара, 262).

Бу оят Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авф (розийаллоҳу анҳумо) ҳақларида тушган.

Фахриддин Розийнинг “Мафотиҳул ғайб” номли тафсирида бундай дейилган: Ҳазрат Усмон (розийаллоҳу анҳу) Табук ғазоти иштирокчиларини мингта жабдуқланган туя ва минг динор пул билан таъминлаганларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларини кўтариб: “Ё Усмоннинг Парвардигори, мен Усмондан розиман, Сен ҳам рози бўлгин”, деб дуо қилдилар.

Қуртубий тафсирида бу маънога қўшимча бор: Абу Саид Худрий (розийаллоҳу анҳу) айтади: “Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларини кўтариб: “Ё Усмоннинг Парвардигори, мен Усмондан розиман, Сен ҳам рози бўлгин”, деб тонг отгунча дуо қилиб турганларини кўрдим. Кейин ушбу оят тушди”.

Абдураҳмон ибн Авф ҳам саховатда тенгсиз саҳобийлардан эди. Бу зот Табук ғазоти учун тўрт минг динор (баъзи тафсирларда дирҳам) берди ва бу бор бойлигининг ярми эканини, қолган ярмини оиласи учун олиб қўй­­ганини ҳам маъ­­лум қилди. Қил­ган бу хайрли амаллари эвазига Пай­ғамбаримизнинг (алайҳиссалом) “Берган молингга ҳам, олиб қолганингга ҳам Аллоҳ баракот берсин”, деган хайрли дуоларига сазовор бўлди.

Мўътазилийлар бандаларнинг амалига ажр-савоб бериш Аллоҳ таолога вожиб, дейишади ва бу хато тушунчаларига биз тафсирини ўрганаётган оятни далил қилишади.

Бу масалада аҳли суннат ва жамоа ақидаси бундай: Бандаларнинг тоат-ибодат қилишлари уларга вожибдир (бурчларидир). Бурчни адо қилиш билан ажр-савоб вожиб бўлмайди. Тоат қилган банда Аллоҳ таоло ваъда қилгани учун ажр-савобга сазовор бўлади.

“Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан миннат ва озор етказмайдиган кишилар...” ояти каримасидаги “миннат” сўзи тилимизда ҳам киши бировга қилган яхшилигини бирма-бир санаб, юзига солиши маъносида қўлланади. Баъзи олимлар: “Миннат киши бировга берганини унинг қулоғига етиб бориб, озор чекадиган даражада орқасидан гапиришидир”, дейишган. Миннат қилиш катта гуноҳлардандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Уч (тоифа) бор, қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга (раҳмат назари билан) қарамайди. Улар ота-онасига оқ бўлганлар, ўзини эркакларга ўхшатадиган аёллар ва даюслар. Яна уч тоифа одамлар жаннатга киришмайди. Улар ота-онасига оқ бўлганлар, давомли хамр (маст қиладиган ичимлик) ичувчилар ва берган (хайр-садақаси, кўрсатган яхшиликлар)ини миннат қилувчилар” (Насоий ривояти).

“Озор” эса, сўкиш ва шикоят қилишни билдириб, миннатдан кўра умумийроқ маънога эга. Зеро, миннат озорнинг бир қисмидир. Шундай бўлса-да, миннат қилиш кўп учрагани учун у ҳақда оят ва ҳадислар келган.

Ибн Зайд айтадилар: “Аллоҳ розилиги учун яхшилик, эҳсон қилганинг кишига саломинг оғир келаётган каби туюлса, унга салом берма!”

“...Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” ояти каримасини уламолар икки хил тафсир қилишган:

Биринчиси: Уларнинг Аллоҳ таоло йўлида сарфлаган ҳеч бир моли бекор кетмайди. Унинг мукофоти қиёматда тўла-тўкис қилиб берилади. Улар ажрлари берилмай қолишидан хавфсирамайдилар, бу сабабли қайғурмайдилар ҳам. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Ким мўмин бўлган ҳолда эзгу ишларни қилса, бас, у зулмдан (қилмаган гуноҳларга жавоб беришдан), камайишдан (савоби тўла берилмай қолишидан) ҳам хавфсирамас” (Тоҳо, 112).

Иккинчиси: Оятдан мурод “улар қиёмат кунидаги азоблардан асло қўрқмайдилар”дир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Уларни Буюк даҳшат (қиёмат) ғамгин қилмас. Уларни фаришталар: “Мана шу сизларга ваъда қилинган кундир”, деб кутиб олурлар» (Анбиё, 103).

Олимларимиз (раҳматул­лоҳи алайҳим) айтадилар: “Ким Аллоҳ таоло йўлида инфоқ қилса ва ортидан миннату озор етказмаса, Аллоҳ таоло унинг мукофотини беради. У мукофот жаннатдир. Ўлганидан кейинги ҳолатда бўладиган нарсаларидан қўрқувдан, ортида қолдирадиган нарсаларга ҳасратдан халос қилади. Зеро, у банда охиратидан хурсанд бўлади; “...Уларга Парвардигордан мукофот бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар”.

Табарий, Қуртубий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.

Ҳидоят журналининг 2012 йил, 1-сонидан олинди.

Холис яхшилик мукофоти
6 Сентябрь, 2021 йил | 954