Ҳаром луқманинг зарарлари

Кўпчилик инсонлар ҳаётида бахт, қалбида ҳаловат, руҳида сакинат, ризқида барака, жисмида саломатлик йўқ эканлигидан нолиб, нима қилишини билмай яшайди. Уламолар бундай ҳолатларнинг аксари луқмага эътиборсизликдан бўлишини таъкидлашган.

Луқманинг инсон ҳаётидаги ўрни ва таъсири катта. Шунинг учун мўмин-мусулмон одам луқмасининг ҳалол эканига жуда эътиборли бўлиши, ҳаром ва шубҳали нарсалар аралашиб қолишидан эҳтиёт бўлиши лозим.

Ашраф Али Таҳонавий роҳимаҳуллоҳ ҳаром луқманинг тўртта зарари бор, дейдилар:

1. Ҳаром луқма қалбдаги нурни ўчириб юборади.

Банда ибодат ва солиҳ амаллар қилиши билан унинг қалбида нур пайдо бўлади. Мана шундай кўплаб ибодатлар натижасида пайдо бўлган нурни ҳалқумидан ўтган биргина ҳаром луқма ўчириб юборади.

2. Ҳаром луқма инсонга шайтоний ҳаёллар ва васвасалар олиб келади.

Ҳалқумдан ҳаром луқма ўтса, инсонга ҳар хил шайтоний хаёллар келаверади. Гуноҳлар, маъсиятлар, фаҳш ва мункар ишларни қилишни ўйлайверади, ўйлайверади, охири шуни қилади.

3. Ҳаром луқма инсонни танбал қилиб қўяди.

Ҳаром луқма истеъмол қилган бандада танбаллик, ишёқмаслик ва дангасалик иллатлари пайдо бўлади. Натижада у нафақат ибодатлар балки, ибодат бўлмаган оддий ишларни қилишга ҳам ялқовлик қилади.

4. Ҳаром луқма инсонни солиҳ амалларнинг яқинига йўлолмайдиган қилиб қўяди.

Ҳалқумдан ўтган ҳаром луқма бандани солиҳ амаллардан тўсиб қўяди. Солиҳ амалдан тўсилган бандада ҳавои нафс истакларини қилишга мойиллик кучаяди ва охир оқибат нафсининг ва шайтоннинг қулига айланди.

Шунинг учун ҳар бир касб эгаси ўзининг касбига доир ҳалол-ҳаром масалаларини яхшилаб ўрганиб олиши лозим. Касбининг ҳалол ҳаромини билмаган одамнинг топаётган пулига шубҳа ва ҳаром аралашиб қолиш эҳтимоли кўп. Зеро, ҳаром луқма фақатгина истеъмоли ҳаром бўлган маҳсулотларни танаввул қилишдангина иборат эмас.

Бундан ташқари, турли емакхоналар ва дўконларда сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам таркиби ва тайёрланишига бепарво бўлмаслигимиз муҳим. Таркибига ҳаром аралашган бўлса, гарчи биз уни ҳалол пулимизга сотиб олган бўлсакда, ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳаром луқма ва унинг зарарларидан Ўзи асрасин!

Абдулбосит Нусратуллоҳ ўғли

Ҳаром луқманинг зарарлари
15 Сентябрь, 2021 йил | 680