Муҳаббатдан муҳаббат бўлур пайдо…

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ ﴿31﴾

«Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Мана шу ояти карима Аллоҳ таолога муҳаббатим баланд дейдиган, лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни барчадан кўра кўпроқ яхши кўрмайдиган ҳар бир киши учун ажримдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббати бўлмаган, у зотнинг суннатларига риоя қилмайдиган, гўзал одоб-ахлоқлари билан хулқланмайдиган киши комил мўмин бўла олмайди. Чунки Набий соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, деганлар (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган). Ҳадис Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган.
“Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз…” Ушбу ояти каримадан келиб чи­қиб, муфассирлар Расулуллоҳ алайҳиссалом­га муҳаббати юксак, у зотнинг суннатларига риоя қиладиган инсон бирор нарсани Аллоҳ таолодан сўраса, Раббимиз унга тилаганидан ҳам афзалини беради, деганлар.
Ҳукамолар айтадилар: “Равиш сенинг севишинг эмас, балки севилишингдир. Севи­лиш эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам­га муҳаббат туфайли бўлади”.
“Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳ­ла­рингизни мағфират этади”. Демак, бизнинг гу­ноҳларимиз кечирилиши учун, аввало, Аллоҳ таолони севишимиз ва Набий алайҳиссаломга эргашмоғимиз шарт.
Ҳаж мавсумида бутун олам мусулмонлари дийдорлашади. Маккаю Арафотга одам сиғмайди, бамисоли уммон сувларидек оло­мон муқаддас заминларда чайқалади…
Маккада тўрт ҳожи биргаликда такси тўхтатдик. Ҳайдовчи илтифотли, табас­сумли, ажнабий йигит эди. У машинани ўт олдираётиб ҳам, бураётиб ҳам, тўхтаётиб ҳам: “Соллаллоҳу ъала Муҳаммад” деб қўяр­ди. Мен қизиқиб: “Нега “Бисмиллаҳир роҳ­ма­нир роҳим” демайсиз?!” – дедим.
Шунда ҳайдовчи ушбу ривоятни айтиб берди: «Бир куни Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам­га: “Сиз менга ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан маҳбуброқсиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қў­лида бўлган Зотга қасам, сизлардан би­рингиз, то мен унга отасидан, бо­ласидан кўра севиклироқ бўлмагунимча (комил) мўмин бўла олмайди”, дедилар (Имом Бухо­рий ривояти). Бу гапни эшитган ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасам, энди сизни ўзимдан ҳам кўпроқ ях­ши кўраман”, деди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ана энди мукаммал бўлди, эй Умар”, дедилар».
Мана, муҳаббат ва фидойиликнинг олий намунаси!
Ояти каримада Муҳаммад соллаллоҳу алай­ҳи ва салламга эргашиш Аллоҳ таоло­нинг суюкли бандаси бўлиш сари етакловчи му­ҳаббат экани айтилган.
Киши дуо қилганда нафсининг талабла­рини, яъни менлигини олдинга қўяди. Аллоҳнинг суюкли Пайғамбарини Раббимиз учун ўз нафсидан-да юқори қўйиб, сева олиш ҳисси ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва сал­ламга бўлган буюк муҳаббат ҳисси Аллоҳга итоат ва илоҳий ишқни шакллантиради. Холиққа бўлган муҳаббат барча махлуқотга меҳр қўйишга асосдир. Ҳис-туйғуларимиз, фикру ўйларимиз олий ишқ билан нурланиб, бизларни яхши амаллар сари чорлайди.
Қалб шундай бир жойки, барча олам севгиси унга жо бўлиши мумкин. Бунинг учун дастлаб оламлар Парвардигорини сева олиш керак. Бу севги муаллими Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Ота-онага муҳаббат ва фидойилик ҳам буюк муҳаббатдан улги олади. Илмга иштиёқ, олим бўлишга интилиш ҳам мазкур муҳаббатдан пайдо бўлади. Камтарлик, ширинсуханлик, ҳар лаҳзада нафсни назорат эта олиш ҳисси ҳам ушбу буюк муҳаббат сабабли содир бўлади.
Ўзларини, жонларини Аллоҳ ва уммат­лари учун фидо қила олган, ўлимлари олди­дан: “Эй Олий дўст, умматимнинг аҳволи нима бўлади?!” деган Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни ўйла­ганлар. Ҳамма инсон ўлим талвасасида ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Фақат Набий алайҳиссалом умматларининг ғамини еган­лари тарихда кузатилган ўта ноёб ҳодисадир.

Пайғамбаримизнинг дўс­ти, ғор­даги ше­риги ҳазрат Абу Бакр розийаллоҳу анҳу Муҳаммад алайҳис­саломнинг буюк муҳаб­батларини кўриб, кузатиб, у зотдан ибрат олиб, бундай де­ганлар: “Эй Раббим! Менинг танамни шу қадар катта қилгинки, дў­зах чоҳига қопқоқ бўлсин-у, Муҳаммад алай­ҳиссаломнинг уммати ун­га сиғмай қолсин”.
“Астағфируллоҳ”, “Субҳоналлоҳ”, “Алҳам­дулиллаҳ” десак, буларни ўзимизнинг фойдамиз учун айтган бўламиз. Чунки бу зикрлар замирида нафсимиз насибаси ҳа­қида ўйлаш, дўзахдан паноҳ тилаш бор. Аммо Муҳаммад алайҳиссаломга салавот айтиш орқали фидойиликни ўрганамиз.
Салавотни ўзимиз учун эмас, балки олам­лар Сарвари учун айтамиз. Лекин бунда ҳам ўзимиз учун манфаат бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўн марта салом йўллайди”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳга муҳаббат кишининг ашъор битишига туртки беради:
Муҳаббат бор ҳамду наъти – зикри бор жойда.
Муҳаббатсиз қуруқ гапдан кимга не фойда?
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ъала Муҳаммад!

Абдумутал ОТАБOЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жиззах вилояти вакили ўринбосари
Ҳидоят журналидан

Муҳаббатдан муҳаббат бўлур пайдо…
6 Декабрь, 2022 йил | 234