Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш

Ҳақиқий мўмин биров ўзига ёмонлик қилса ҳам, яхшилик билан жавоб қайтаради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак васиятларида: “Бирон ёмон иш қилиб қўйсанг, дарҳол яхшилик қил”, дедилар. Чунки яхшилик ёмонликни ювиб кетади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Яна шундайлари ҳам борки, улар: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, – дейдилар» (Бақара, 201).

Ояти каримадаги икки яхшилик тўғрисида уламолар ҳар хил фикр айтган. Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: “Дунёдаги яхшилик – яхши хотин, охиратдагиси эса, ҳурлар” (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 615-б.).

Қатода (розияллоҳу анҳу) айтади: “Дунёдаги яхшилик етарлича мол-дунё ва саломатликдир” (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 615-б).

Ҳасан (розияллоҳу анҳу) эса: “Дунёдаги яхшилик илм ва ибодатдир” (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 616-б.).

Олимларнинг кўпчилиги икки яхшиликдан мурод: “Дунё ва охират саодати”, деган (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 616-б.).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир куни бир аёл олдимга келиб: – Мен ҳам зино қилдим, ҳам зинодан туғилган боламни ўлдирдим. Энди шу гуноҳимдан тавба қилсам бўладими? – деб сўради.

– Сен учун тавба йўқ! Аллоҳ кўзингни кўр қилсин, ҳеч бир қулайлик бермасин, – дедим унга.

Шундан сўнг аёл йиғлаб, тиззаларига урганча чиқиб кетди. Эртаси куни бомдод намозини ўқиб бўлгач, бу воқеани айтган эдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

– Аёлга жуда ёмон жавоб берибсан. Сен ахир:

«Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (имонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар, қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Илло, ким (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир» (Фурқон, 68–70), мазмунли оятларни ўқимаганмидинг, деб марҳамат қилдилар.

Шундан сўнг дарҳол аёлни чақиртириб, унга бу оятларни ўқиб бердим. Аёл севинганидан ўша заҳоти сажда қилди ва:

– Менга қутилиш эшигини очган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин, – деди”.

Гуноҳнинг савобга айлантирилиши хусусида турлича фикрлар бор. Масалан, олдинги гуноҳлари тавба билан ўчиб, ўрнига савобли ишларни қилиши; гуноҳ қилиш қобилияти савобли иш қилиш қобилиятига айланиши; Аллоҳ тавфиқ бериб, тоат-ибодат ва хайрли ишлар қилишга ўтиши ва ҳоказо (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).

Ҳадисда баъзи мўминларнинг улкан гуноҳлари кечирилиб, кичик гуноҳлари яхшиликка айлантирилиши ҳақида башорат қилинган (Имом Муслим ривояти).

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ):“Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин)” (Бақара, 201), оятини бундай тафсир қилади: “Дунёдаги яхшилик илм ва ибодат, охиратдагиси эса жаннатдир”.

Бир донишманддан: “Қайси нарсаларни тўпласам, яхши бўлади?” деб сўрашганида, “Кема ҳалокатга учраганида ўзинг билан қоладиган нарсани тўпла”, деб жавоб берди. Бу билан илм назарда тутилди.

Умар (розияллоҳу анҳу) халққа эътиборли, заифларга яхшилик қилувчи, ҳақиқат борасида қаттиққўл ва одамларнинг барини баравар кўрадиган ҳукмдор эди. Умар (розияллоҳу анҳу) ўзларидаги нарсаларни одамларга бериб юборар ва уларни тўйдириб, ўзи оч қолар эди. Одамларнинг уйларидан, ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб турарди. Бу ҳақидаги қиссалар маълум ва машҳурдир.

Бир кун у киши бозорда садақа сўраётган қарияни кўрди ва: “Эй шайх, нима қиляпсан?” деб сўради. Қария: “Мен ёши улуғ одамман, жизя учун тиланчилик қиляпман”, деди. У Мадинада яшовчи яҳудий эди. Буюк инсоний хислат эгаси бўлган Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Эй шайх, биз сенга инсоф қилмадик. Ёшлигингда сендан жизя олиб, қариганингда ташлаб қўйдик”, деди-да, унинг қўлидан ушлаб, уйига олиб борди. Унга зарур миқдорда озиқ-овқат тайин этди. Хазиначига: “Бу киши ва унга ўхшаганларнинг ўзи ва оиласига етарли маблағ ажрат”, деб буюрди.

Бир гал Умар (розияллоҳу анҳу) Мадина кўчаларида юрган эди, озғинликдан тўзиб кетган қизчани кўриб қолди. Қиз гоҳ турар, гоҳ йиқиларди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Бу қизалоқнинг айби нима?! Гуноҳи не?! Қайси бирингиз бу қизчани танийсиз?” деди. Ўғли Абдуллоҳ: “Танимадингизми, эй мўминлар амири?” деганида, у киши: “Йўқ”, деди. Абдуллоҳ айтди: “Бу – набираларингиздан бири!”

– Бу қайси бири?

– Умар ўғли Абдуллоҳнинг қизи фалончи.

– Эсиз, бу ҳолга тушишига нима сабаб бўлди?

– Нафақа берилиши тўхтатиб қўйилгани!

– Аллоҳга қасам, менда мусулмонлик ҳақингдан бошқа нарса йўқ. Бу – мен ва ўртангиздаги Аллоҳнинг китоби (фарзи)дир, – деди Умар (розияллоҳу анҳу).

Мадинага савдо карвони келди. Унда аёллар ва болалар ҳам бор эди. Умар (розияллоҳу анҳу) Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)га: “Бу кеча уларга қўриқчилик қиласизми?”, деди. Уларни қўриқлаб кеч киритишди. Фарз намозларни ўқишди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) бир гўдакнинг йиғисини эшитди ва ўша томонга юрди. Унинг онасига: “Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара”, деди, сўнг ўрнига қайтди. Шунда яна йиғи овозини эшитиб, онасига: “Аллоҳдан қўрқ ва болангга яхши қара”, деди-да, жойига қайтди. Тун охирлаганида, яна унинг йиғисини эшитди. Онасига бориб: “Хайф сенга, яхши она эмас экансан! Болангга нима бўлди, туни билан тинчимади?”, деди. Аёл мўминлар амири гапираётганини билмай: “Эй Аллоҳнинг бандаси, у кечадан бери мени безор қилиб юборди, мен уни мажбурлаб кўкракдан ажратмоқчиман, у эса кўнмаяпти”, деди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Нима учун?”, деб сўради. У айтди: “Чунки Умар фақат кўкракдан чиққан болаларгагина нафақа белгилайди (яъни фарзандлари кўкракдан ажраган оталаргагина ҳақ беради). Умар (розияллоҳу анҳу): “Бунинг ёши нечада?”, деди. У: “Мана шунча ойлик”, деб жавоб қилди. Умар (розияллоҳу анҳу) эса: “Эсиз, шошмай тур”, деди-да, бомдод намозини ўқишга киришди. Йиғи кучлилигидан қироатлари одамларга яхши эшитилмади. Шунда салом бериб, деди: “Эй бахтсиз Умар, қанча мусулмон фарзандлари ҳалок бўлишди…” Сўнг бир жарчига: “Гўдакларингизни кўкракдан чиқаришга шошилманглар. Биз Исломда туғилган ҳар бир гўдак учун (ҳақ) белгилаймиз”, деб нидо қилишга буюрди. Бу хабар билан ҳамма томонга чопар юборилди.

Ким нима яхшилик қилса, мукофотини ва ким қандай ёмонлик қилса, жазосини кўради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Бас, ким (дунёда) зарра мисқолича яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала, 7–8).

Муқотил (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бу икки оят икки киши ҳақида нозил бўлган. Улардан бири олдига овқат сўраб бир киши келса, хурмо, бир парча нон, ёнғоқ каби нарсаларни арзимас са­наб, беришни истамас ва: “Булар ҳеч нарса эмас, ўзимиз яхши кўриб, бировга берган каттароқ нарсаларимиз учун савоб оламиз”, дер эди. Иккинчиси бўлса, ёлғончилик, ғийбат ва номаҳрамга назар қилиш каби гуноҳларни енгил санар, булардан менга ҳеч қандай жазо бўлмайди, Аллоҳ катта гуноҳлар учун дўзах билан қўрқитган, дер эди. Шунда Аллоҳ таоло мазкур оятни туширди ва уларни яхшиликнинг озгинасини ҳам қилишга, гуноҳларнинг энг кичикларидан ҳам эҳтиёт бўлишга ундади” (“Асбобун нузул”, 398-б.).

“Зарра” қуёш шуъласидагина кўринадиган майда жисмдир. Ким шу зарра миқдорича савоб иш қилса, охиратда мукофотини олади. Ким заррача ёмонлик қилса, жазосини кўради.

Қатода (розияллоҳу анҳу) Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан қилган ривоятда айтилади: “Бирор кофир зарра миқдорича ях­шилик қилса, шу дунёда нафси, аҳли, молида унинг савоби тез­латилади. Ҳатто бу дунёдан кетаётганида, Аллоҳ ҳузурида зарра миқдоричалик яхшилиги бўлмайди. Бирор мўмин зарра миқдо­рича ёмонлик қиладиган бўлса, шу дунёда нафси, аҳли, молида уқубати тезлатилади, ҳатто бу дунё ҳовлисидан чиқиб кетаётга­нида, Аллоҳ ҳузурида зарра миқдорича ёмонлиги қолмайди”.

Маъмар Зайд ибн Асламдан қилган ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсани менга ҳам ўргатинг, деди. Уни Қуръон ўргатувчи бир устозга юбордилар. У Залзала сурасини ўргатиб, охирги ояти, яъни, “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала, 7–8)га етганида, ўша киши шунинг ўзи менга кифоя қилади, деди. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллҳу алайҳи ва саллам)га хабар берилганида: “У фақиҳ бўлди”, дедилар».

Ажлаз Абу Исҳоқдан, у эса хотинидан қилган ривоятда бундай дейилган: “Мен ва Абу Суфённинг хотини иккимиз Ойша онамиз ҳузурига кирганимизда бир тиланчи келиб, бир бош узум сўради. Мен ундан бир шингил олдим-да, қолганини тиланчига бериб юбордим. Шунда бир-биримизга маъноли қарадик ва берилган эҳсоннинг катта-кичиги бўлмаслигига ояти карима далил бўлишини эсладик. Сўнгра “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала, 7–8) оятини ўқидим”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га токи ўзимиз тўла амал қилмагунимизча яхшиликка буюрмайликми ва ўзимиз тўла четланмагунимизча ёмонликдан қайтармайликми?” дедик. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхшиликка буюраверинглар, тўла амал қилмасангиз ҳам. Гарчи ўзларингиз тўла четлана олмаган бўлсангиз ҳам, ёмонликдан қайтараверинглар”, дедилар».

Имкон борида кўнгли ўксикларни шод этиб, уларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, “Табассум қилиб бўлса ҳам”, савобга эришиб олайлик.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак васиятлари” китобидан

Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш
14 Декабрь, 2022 йил | 289