ҚУРБОНЛИК ГЎШТИ

 

Масала: Кўпчилик, хусусан, ака-укалар шерик бўлиб қурбонлик қилганда гўштини чамалаб тақсимлашади. Бундай тақсимот судхўрлик бўлиб қолиш жиҳатидан жоиз эмас. Шунинг учун гўшт аниқ, килолаб тортилгандан кейин ҳар ким ўзининг ҳиссасидан хоҳлаганидек фойдаланади. Истаса ҳадя этсин, истаса ўзи истеъмол қилсин.

Масала: Бир неча киши гўштни тақсим қилишларидан олдин барча шерикларининг ихтиёри билан кимларгадир гўштни садақа қилишни ихтиёр қилишлари жоиз. Қолганини эса ўз ҳиссаларига кўра тақсимлаб олаверишади. Лекин шериклардан биронтаси назр қилган бўлса, гўштини нисоб эгаси бўлган кишиларга ҳадя қилиши жоиз эмас. Чунки назр қурбонликнинг гўштини нисоб эгаларига едирилмайди.

Масала: Ҳалол ҳайвонларнинг етти аъзосини ейиш мумкин эмас:
1. Оқадиган қон;
2. Эркак ва урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси;
3. Эркак ҳайвоннинг мояги;
4. Сийдик қопи;
5. Орқа жинсий аъзоси;
6. Ғудда (безлар);
7. Ўт пуфак.

Масала: «Канзуд-дақоиқ» ва «Мароқил фалоҳ» китобларида ҳаром мағиз, яъни умуртқа суяк ичидаги оқ сут каби суюқликни истеъмол қилиш жоиз эмас, дейилган.

Масала: Баъзилар қурбонлик қилингандан кейин ортган гўштни сотиб юборади. Бундай қилиш мумкин эмас. Сотиб юборилган қурбонлик гўштининг пулини фақир мискинларга садақа қилиш вожиб бўлади.

Масала: Қассобнинг хизмат ҳақи сўйилган қурбонлик гўштидан берилмайди.

Масала: Баъзи кишилар гўшти арзон тушар экан, деб қурбонлик қилувчиларга шерик бўлишади. Агар шерикларидан биронтасининг нияти арзон гўшт бўлса, барча шерикларнинг қурбонлиги дуруст бўлмайди.

Масала: Қассобнинг хизмат ҳақини қурбонликнинг гўшти, териси ёки калла-почаси билан адо этиш жоиз эмас. Шундай қилинган тақдирда ўша нарсаларнинг қийматича садақа бериш вожиб бўлади. Лекин қассобнинг ҳақини алоҳида бериб, уларни ҳам қўшиб юборилса зарари йўқ. Бунинг эвазига қассобнинг хизмат ҳақини қамайтирмаслик лозим.

Масала: Қассоблик дуруст касб ҳисобланиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналарида ҳам қассоблар бўлган. Баъзи саҳобалар қассобчилик билан шуғилланишган.

Савол: Етти ёки ундан кам қурбонлик қилувчиларнинг бири қурбонликнинг қазосини ният қилса, шерикларининг қурбонлиги дуруст бўладими?
Жавоб: Шерикларнинг қурбонлиги дуруст, аммо қазо ниятидаги кишиники нафл бўлиб қолади. Қурбонликнинг қазоси адо бўлмайди. Эвазига ўртача бир қўйнинг қийматини садака қилиш талаб этилади.
Савол: Туя ёки мол сўяётган киши бир ҳиссасини ақиқадан деб ният қилса, дуруст бўладими?
Жавоб: Етти ҳиссадан бирини ақиқадан деб ният қилишда ҳеч бир зарар йўқ.

"Қурбонлик сўйишлар ва ақиқага оид масалалар" китобидан

ҚУРБОНЛИК ГЎШТИ
20 Июнь, 2023 йил | 168