Солиҳ амални одамлардан яшириш

 

Ихлос етарли ва Аллоҳ таолoдан қабул бўлишига ҳақлироқ бўлиш учун қўлдан келганча солиҳ амалларни махфий тутиш лозим.

Салафи солиҳлардан бири айтади: "Баъзи бир кичик амаллар борки, уни нияти катта қилиб юборади. Баъзи бир катта амаллар борки, уни нияти кичик қилиб юборади".

Димëтий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Агар Аллоҳ қўлингдан тутиб, солиҳ амалларга тавфиқ берса, уларнинг савоби учун ҳимматингни баланд қилиб ва амаллардаги мақсадингни Ўзининг юзи (розилиги) қилиб қўйса, демак, сени ихлоснинг энг олий мартабасига муваффақ қилибди, сени Ўзига яқин хос бандаларидан қилибди. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни хоҳлаган бандасига беради. Зеро, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир. Тавфиқ Аллоҳдан”.

Банда дуо ва зикрларни ихлос билан, қалбида Аллоҳ таоло буюклигини ҳис қилиб, умматларига ушбу зикр ва дуоларни ўргатган Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлаган ҳолда адо этиши лозим. Шунчаки савоб ёки бирор ҳожати битиши учунгина уларни айтмаслик даркор.
"Биз факат Унгагина ихлос килувчилармиз" (Бақара сураси, 139-оят).

Имом Жунайд Бағдодий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Ихлос банда ила Аллоҳ ўртасидаги сир бўлиб, уни на фаришта ёза олади, на шайтон буза олади ва на нафсу ҳаво (ўзига) мойил қила олади".

Абулқосим Қушайрий ва бошқалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мен Жаброил (алайҳиссалом)дан ихлос нималигини сўрадим. У айтди: "Мен Раббул изза (Аллоҳ таоло)дан "Ихлос нима?" деб сўрадим. У Зот айтди: “(Ихлос) Менинг сирларимдан биридир, уни Ўзим яхши кўрган бандаларим қалбига омонат қилиб қўяман".
Ё Аллоҳ, улуғлик ва икром эгаси, қалбларимизни Ўзинг яхши кўрган бандаларинг қалби каби қил.

Ҳатто баъзи уламолар шундай деганлар: “Ким салқинлаш учун таҳорат қилса ёки ошқозонига парҳез қилиш учун рўза тутса ва бу билан Аллоҳга яқин бўлишни ният қилса, уни адо этмабди. Чунки у Аллоҳга яқин бўлиш ниятига дунёвий ниятни ҳам аралаштирган бўлади. Холис бўлмаган амал Аллоҳ учун эмас. Аллоҳ таоло айтади:

"(Эй инсонлар!) Огоҳ бўлингким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир" (Зумар сураси, 3-оят).

"Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар" (Баййина сураси, 5-оят).

"Солиҳ амаллар" китобидан.

Солиҳ амални одамлардан яшириш
1 Июль, 2023 йил | 216