“Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир”

Эҳсон сўзи араб тилида бир қанча маъноларни англатади. Масалан, “аъло даражада амалга оширмоқ”, “яхшилик қилмоқ” каби.

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ар-Роҳман сураси, 60-оятида шундай марҳамат қилади: “Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир”. 

Бу яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир, деганидир. Бу оятда биринчи зикр қилинган эҳсон (яъни яхшилик) бандадан бўлиб, у Аллоҳ таолонинг ибодатини астойдил жидду-жаҳд билан бажаришдир. Кейинги зикр қилинган эҳсон Аллоҳдан бўлиб, у Аллоҳ бандаларини жаннатига киритиши билан бўлади.

Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир қилаётган ишларимизни аъло даражада бажармоғимиз, ўзаро бир-биримизга саховат кўрсатиб, яхшилик қилмоғимиз, неьматларни исроф қилмаслигимиз эҳсон бўлар экан. 

Бир олимнинг ҳузурига шогирдларидан бири келиб: “Устоз, мен эҳсон мақомига етдим. Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қиляпман”, дебди. Устози ундан: “Оиланг, қўни-қўшнинг ва яқинларинг билан қандай ҳолатдасан?” деб сўрабди. Шогирд устозига: “Расулуллоҳ алайҳиссалом эҳсонни ибодатларда демаганмидилар?” дебди. Шунда устоз: “Аллоҳ таоло буюрган нарсаларни бажариб, қайтарганларидан қайтишинг ибодат эмасми?” деб саволига савол бериб жавоб берган экан.

Бугунги кунда кўпчилигимиз ибодат деганда намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва шуларга ўхшаш маълум нарсаларнигина ибодат деб тушуниб қолганмиз. Ҳолбуки, ибодат бу Аллоҳга қуллик қилиш демакдир. Намоз ўқиш, Қурьон тиловат қилиш вақтидагина Аллоҳга қул бўлиб, қолган вақтда қулликдан чиқиб қоламизми? Йўқ, ундай эмас.

Аллоҳ таоло Жумьа сурасида марҳамат қилиб: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз”, дейди (10-оят). Аллоҳ таоло бу оятда бандаларига ер юзида халол ризқ талаб қилиб, Ўзини кўп зикр қилишга, натижада бандалар зафар топишларига ундамоқда.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

“Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир”
2 Август, 2023 йил | 828