ЗИҚНАЛИК ВА ХАСИСЛИК

Ўткинч дунёга муҳаббат қўйиш натижасида инсон нафси оғир дард – бахиллик ва зиқналик билан касалланади.

Муолажа услуби: Бу касалликдан халос бўлиш учун одам дунё ҳаёти қисқа ва ўткинчи эканини унутмаслиги лозим. Бу дунёда ҳеч ким абадий қолмайди. Ҳисоб-китоб куни – Қиёматда эса инсон ҳар бир ҳалол иши ҳақида сўралади ва ҳаром йўл билан қўлга киритган нарсаси учун азобли жазога дучор бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

حُبُّ الدُّنْيَا رَأْسُ كُلِّ خَطِيئَةٍ
“Дунё муҳаббати барча ёмонликларнинг бошидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Имом Баззор Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Тўрт нарса бадбахтликдандир: кўзнинг қуруқлиги, қалбнинг қаттиқлиги, орзу-ҳаваснинг узунлиги ва дунёга ҳирс қўйиш”, дейилган.

Аллоҳ таоло бандаларига бу дунё ҳаёти вақтинчалик эканини, Қиёмат куни савол-жавоб бўлишининг хабарини бериб бундай марҳамат қилади:

﴿كُلُّ نَفۡسٖ ذَآئِقَةُ ٱلۡمَوۡتِۗ وَإِنَّمَا تُوَفَّوۡنَ أُجُورَكُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِۖ فَمَن زُحۡزِحَ عَنِ ٱلنَّارِ وَأُدۡخِلَ ٱلۡجَنَّةَ فَقَدۡ فَازَۗ وَمَا ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَآ إِلَّا مَتَٰعُ ٱلۡغُرُورِ ١٨٥﴾
“Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир” (Оли Имрон сураси, 185-оят).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿ٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّمَا ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَا لَعِبٞ وَلَهۡوٞ وَزِينَةٞ وَتَفَاخُرُۢ بَيۡنَكُمۡ وَتَكَاثُرٞ فِي ٱلۡأَمۡوَٰلِ وَٱلۡأَوۡلَٰدِۖ كَمَثَلِ غَيۡثٍ أَعۡجَبَ ٱلۡكُفَّارَ نَبَاتُهُۥ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَىٰهُ مُصۡفَرّٗا ثُمَّ يَكُونُ حُطَٰمٗاۖ وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِ عَذَابٞ شَدِيدٞ وَمَغۡفِرَةٞ مِّنَ ٱللَّهِ وَرِضۡوَٰنٞۚ وَمَا ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَآ إِلَّا مَتَٰعُ ٱلۡغُرُورِ ٢٠﴾

“Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир” (Ҳадид сураси, 20-оят).

Шундай экан, эй инсон, бу дунёда зиқна ва бахиллик қилма! Хулқингни сахийлик билан беза ва бойлик тўплашга ошиқма!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг яқин ҳамроҳлари Билолга нақадар ибратли кўрсатма бериб: “Эй Билол, инфоқ қил! Арш Эгасининг камайтиришидан қўрқма!” деган эдилар (Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:

قالَ اللَّهُ تَبارَكَ وتَعالَى: يا ابْنَ آدَمَ أنْفِقْ أُنْفِقْ عَلَيْكَ.
«Аллоҳ азза ва жалла: “Эй Одам боласи, инфоқ қил, шунда Мен ҳам сенга инфоқ қиламан”, деб айтади» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта қасам ичиб: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, садақа билан мол камаймайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Садақа балони даф қилади ва умрни узайтиради”, деганлар.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿وَمَآ أَنفَقۡتُم مِّن شَيۡءٖ فَهُوَ يُخۡلِفُهُۥۖ وَهُوَ خَيۡرُ ٱلرَّزِقِينَ ٣٩﴾
“Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки тоғ ораси тўлган қўйларни сўради. Бас, унга ўшаларни бердилар. У ўз қавми ҳузурига бориб: “Эй қавмим, мусулмон бўлинглар! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад кўп ато берар экан. Фақирликдан қўрқмас экан”, деди».

Машҳур Ислом олими Абдулкарим Қушайрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир киши дўстининг ёнига қарзини узиши учун 400 дирҳам қарз сўраб келди. Дўсти унга дарҳол айтилган миқдордаги пулни бериб жўнатгач, уйига қайтиб кирди-да, йиғлаб юборди. Хотини унга: “Бунчалар қийналар экансиз, нега бердингиз, бирор баҳона топмадингизми?” деди. Шунда у киши: “Пул берганимга эмас, балки ундан хабар олмай қўйганимга, ҳатто муҳтожликдан қарз сўраб келгунигача ҳолидан ғафлатда қолганимга азобланиб йиғлаяпман”, деб жавоб берди.

Ушбу мавзуни Бишр Хофий раҳимаҳуллоҳнинг: “Зиқна одамнинг юзига қарасанг, қалбинг қотиб қолади” деган ҳикматли сўзлари билан якунлаймиз.

«Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси» китобидан

ЗИҚНАЛИК ВА ХАСИСЛИК
8 Август, 2023 йил | 220