Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кун (1-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар биронтангизга мусибат етса, мендан (жудо бўлгандаги) мусибатини эсласин. Зеро, бу энг катта мусибатдир", деганлар (Имом Доримий ривояти).

Ўн биринчи ҳижрий сана, ўн иккинчи робиъул аввал, душанба куни. Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқдан келтирилган меш билан ўзларини ғусл қилдиришимизни буюрдилар. Шундай қилдик, у зот алайҳиссалом бироз ором олдилар. Масжидга чиқиб, одамларга намоз ўқиб бердилар. Уҳуд аҳлига мағфират тилаб, уларнинг ҳаққига дуо қилдилар. Ансорларга васият қилиб, дедилар:

– Эй муҳожирлар жамоаси! Ансорлар менга бошпана берган, ишончимни қозонган кишилардир. Бас, ҳурмат эгаларини, яъни уларнинг муҳсинларини эъзозланглар, хатоларини кечиринглар.

– Бир бандага ё дунёни ё Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларни танлаш ихтиёри берилди. У Аллоҳ ҳузуридаги нарсани ихтиёр қилди. Шунда Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғладилар, Аллоҳ расулининг бу сўзлари у зотнинг вафотларига тегишли эканини билар эдилар” (Имом Доримий ривояти).

Саид ибн Абдуллоҳ отасидан ривоят қилади: «Ансорлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳволи оғирлашганини кўришгач, масжид атрофида тўплана бошлашди. Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига кириб, у зотга ташқарида ансорлар пайғамбарининг ҳолидан ташвиш чекиб қайғураётганларини билдирди. Хонага кейинроқ кирган Фазл ва ундан сўнг келган Али розияллоҳу анҳу ҳам шу хабарни етказди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлини узатдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлидан ушладилар.

– Нима деяпсиз? – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Ўлиб қолишингиздан қўрқяпмиз, – дедик.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйлари теварагида тўпланаётганини кўрган аёллар ниманидир сезиб, бақириб йиғлашарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўриндан қўзғалдилар, Али ва Фазлга суяниб хонадан чиқдилар, олдда Аббос йўл бошлаб борди. Пайғамбар алайҳиссалом оёқларини зўрға судраб босардилар, то минбаргача бордилар ва биринчи зинага ўтирдилар. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофига жамланишди.

Пайғамбар алайҳиссалом сўзларини Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошлаб дедилар:

«Эй инсонлар! Айтишларича, менга юзланган ўлимдан қўрқаётган экансиз. Сизнинг бу ишингиз гўё ўлимни инкор қилиш кабидир. Пайғамбарингизнинг ўлимини тан олмаяпсиз. Ўзимга ва сизларга етадиган ўлимнинг хабарини бермадимми? Ажабо! Мендан олдин юборилган пайғамбарларнинг бирортаси уммати орасида мангу яшаб қолганми, мен орангизда абадий қолсам?!

Огоҳ бўлинг! Албатта мен Роббимга қайтувчиман, сизлар ҳам унга қайтувчисиз.

Огоҳ бўлинг! Албатта мен сиздан аввал боргувчиман. Сизлар ҳам менга етиб оласиз.

Огоҳ бўлинг! Ваъдалашган жойимиз ҳавзи Кавсардир... Кавсарнинг суви сутдан оқ, қаймоқдан юмшоқ, асалдан шириндир. Ундан ичган одам ҳеч қачон чан-қамайди. Ҳавзи Кавсарнинг тошлари марварид, ўзани мушкдир. Кимки эртага (маҳшар кунида) бу ерга келишдан маҳрум бўлса, демак у барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.

Огоҳ бўлинг! Кимки эртага бу манзилда бўлишни истаса, тилини ва қўлини ёмонликдан тийсин».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим тўшагида ётардилар аммо шундай ҳолатларидан ҳам умматларини ўйлар, уларнинг холидан хавотир олардилар. Шунда Жаброил алайҳиссаломдан:

– Мендан сўнг умматимнинг аҳволи қандай бўлади? деб сўрадилар.

Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалломга ваҳий нозил қилди: “Ҳабибимга хушхабар бер. Уммати ичида уни уялтирмайман. Ҳашр кунида у қабрдан энг аввал чиқадиган инсонлардан бўлади ва Маҳшаргоҳда тўпланганларнинг саййиди қилинади. То унинг уммати кирмагунича бошқа умматларга жаннатга кириш ҳаромдир”. У зот алайҳиссалом:

 Ана энди кўзим қувончга тўлди, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг хонамда жон таслим қилган эдилар. Расулуллоҳ ёнларида турган сувли идишга қўлларини тиқиб: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Албатта ўлим талвасаси, ўлимнинг аччиғи бор”, дедилар. Кейин қўлларини юқорига кўтариб:

– Рафиқул аъло, Рафиқул аъло, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳо дейдилар: «Вафотларидан сал аввалроқ, яъни ўша куни эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда бир енгиллик пайдо бўлди. Саҳобалар бу ўзгаришдан қувончга тўлиб, уйларига, ишларига тарқалдилар. Аллоҳ расулини аҳли байти билан холи қолдирдилар. Биз ҳам бу ҳолдан бошимиз осмонга етди. Мисли кўрилмаган севинч ва умид билан қувондик. Кутилмаганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:

– Мени холи қолдиринг. Бу фаришта ҳузуримга киришга изн сўраяпти, – дедилар.

Мендан бошқа барча аёллар хонадан чиқди. Расулуллоҳнинг боши тиззамда эди. Ўтириб олдилар. Мен уйнинг бир бурчагига бориб турдим. Фаришта билан узоқ суҳбатлашганларидан сўнг мени чақириб, бошини тиззамга қўйдилар ва аёлларга ҳузурига киришни буюрдилар. Кейин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

– Бу Жаброил алайҳиссаломга ўхшамаяпти? – дедим.

– Ҳа, эй Ойша. Бу ўлим фариштасидир.

У: “Улуғ ва қудратли Аллоҳ сиздан изн бўлмагунча ҳузурингизга кирмаслигимни буюрди. Агар изн бермасангиз қайтаман. Изн берсангиз, ҳузурингизга кираман. Аллоҳ таоло: “То Муҳаммаднинг ўзи ихтиёр этмагунча жонини олма”, деб буюрди. Айтинг, нимани хоҳлайсиз”, деди.

“Мен: Жаброил алайҳиссалом келгунича менга тегма. Мана ҳозир унинг келадиган вақти бўлди”, дедим.

Жаброил алайҳиссалом келганини ҳис этдим. Аҳли байт уйдан чиқди. Жаброил алайҳиссалом уйга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:....

(Давоми бор)

Даврон НУРМУҲАММАД

24 Сентябрь, 2020 йил | 633