Каъбанинг бузилиб қайта қурилиши

Мусулмонларнинг қибласи, ҳидоят ўчоғи, ернинг маркази бўлмиш “Аллоҳнинг байти” ҳақида қанчалик маълумотга эгасиз? Уни маънан зиёрат қилишни истайсизми? Унда келинг шу ҳақида қисқача суҳбат қиламиз! Аллоҳнинг байти, Қуръонда икки марта “Каъба” деган ном билан зикр қилинган.  “Моида” сураси 95-97-оятларда. Аммо бошқа номлар билан кўп маротаба зикр қилинган. масалан: "Ал-байт", “Байтул атийқ”, “Масжидул Ҳаром”, “Байтул Ҳаром”, “Аввалу байт” ва бошқалар.

Биласизми? Аллоҳнинг байти нега “Каъба” деб номланган? Унда билиб олинг – “Каъба” деб номланишига сабаб, унинг шакли “Кубик”га ўхшаш бўлганлиги учун шундай номланган. Чунки араб тилида “Каъба” “Куб” деган маънони билдиради. Каъба мўминларнинг иккинчи ва асосий қибласи бўлиб, биринчи қибласи “Масжидул Ақсо” бўлган. Мусулмонларга намоз фарз бўлганида дастлаб 16 ой Масжидул Ақсога қараб намоз ўқишган. Кейин қибла Каъбага қараш билан ўзгарган. Каъбани дастлаб, Иброҳим алайҳис салом, ўғли Исмоил алайҳис салом билан биргаликда тоғдан тош олиб келиб қуришган.

Каъба ҳозирга қадар неча марта бузилиб, қайта қурилган? Деган саволга тарихчилар ҳар хил маълумотни айтадилар. Баъзилар тўрт марта бузиб, қайта қурилган десалар, бошқалар 5 марта деганлар.

Тарихчиларнинг ривоятига кўра Каъба Одам алайҳис саломдан то ҳозирга қадар 8 марта қурилган

  1. Дастлаб Одам алайҳис салом замонида Фаришталар қурган. Одам алайҳис салом, Момо Ҳавво билан бирга жаннатдан ерга туширилганда, Одам алайҳис салом Ҳиндистондаги тоққа тушган бўлса, Момо Ҳавво онамиз Маккадаги “Абу Қубайс” тоғига тушган. Улар 300 йил Аллоҳга йиғлаб тавба қилганларидан кейин Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилди. Кейин иккаласи, Маккага яқин бўлган “Арафа” тоғида бир бирлари билан топишган. Унда бу Аллоҳнинг байти “Байтул Маъмур” деб номланган. Аммо “Байтул Маъмур”ни Нуҳ алайҳис саломнинг тўфони вақтида, дунё осмонига Аллоҳнинг изни ила Фаришталар кўтарган.
  2. Нуҳ тўфонида осмонга кўтарилган уйнинг ўрнидан Иброҳим алайҳис салом ўғли Исмоил алайҳис салом билан бирга бино қуриб, уни “Каъба” деб номлаган. Байтнинг бир бурчагига, тавоф қилувчилар, тавоф ибодатининг бошланиш ва тугаш ўрнини билишлари учун белги қўйилиш лозим эди. Шунда Иброҳим алайҳис салом ўғли Исмоил алайҳис саломга тоғдан олиб келаётган тошларидан, ранги фарқ қиладиган битта алоҳида тош келтиришга буюрди. Исмоил алайҳис салом тош ахтариб тоққа чиқиб кетган вақтида, Жаброил алайҳис салом жаннатдан “Ҳажарул Асвад”ни олиб келди. У пайтда Ҳажарул асвад шундай ялтирар эдики, унга қараган кишининг кўзини қамаштирадиган даражада нурли эди. Аммо кейинчалик одамлар Аллоҳга ширк келтириб, Каъба атрофида эркагу аёл ёлонғоч ҳолда ибодат қилишлари натижасида, Ҳажарул асвад жуда ҳам қорайиб кетди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳажарул Асвад оқликда, қордан оппоқ бўлиб, жаннатдан тушгандир. (Аммо) аҳли ширкнинг гуноҳлари уни қорайтириб юборди” деган.

 Иброҳим алайҳис салом билан Исмоил алайҳис саломлар Каъбани қураётганида тошларнинг ораларига лой қўймасдан, тошларнинг ўзини устма-уст қалаб қўйишган эди. Замонлар ўтиб, сел келиши оқибатида деворлари қулади.

  1. Журҳум қабиласи қурган. Бу Журҳум қабиласи Амолиқлардан қолган авлодлар бўлиб, Исмоил алайҳис салом ва онаси Хожарнинг изни билан уларга қўшни бўлиб яшаш учун араб саҳросига кўчиб келишган эди. буларнинг даврида ҳам сел келиб Каъбани вайрон қилгандан сўнг, улар қайта қуришган.
  2. “Фил воқеаси” дан тахминан 30 йиллар ўтиб, Қусай ибн Килоб бошчилигида қайта қурилди. Чунки ўша пайтда Қурайш аёллари Каъбанинг ичини хўшбўй қилиш учун олов ёқиб, хушбўй тутун ҳосил қиламиз деганларида Каъбада ёнғин содир бўлиб, ичидаги барча нарсалар ёниб кетди. Қурайшликлар Каъбани қуриш учун рибо аралашмаган, ҳалол пул йиғишади. Бу пул етмай қолиб, “Ҳатийм” (Каъбанинг ёнидаги ярим ой шаклидаги девор) ажратиб қўйилди. Иброҳим алайҳис салом қурганда Каъбанинг эшиги иккита эди, Қусай ибн Килоб бу қурилишда битта эшик қўйди ва эшикнинг астонасини ердан зина билан чиқадиган қилиб, 2 метр кўтариб қўйди. Иброҳим ва Исмоил алайҳис саломлар Каъбанинг баландлигини 4 метр қилган эди, Маккаликлар 8,5 метр қилиб кўтаришди.
  3. Ҳижрий 65 йили Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а) ҳам бузиб қайта қурди. Бунга сабаб, ўша йили Абдуллоҳ ибн Зубайр розиёллоҳу холаси, мўминлар онаси Оиша розиёллоҳу анҳо билан биргаликда ҳаж қилиш учун Каъбани тавоф қилар экан, Оиша розиёллоҳу анҳо онамиз жиянига қарата: “Эй жиян! Биласанми? Мана шу Каъбани мен Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тавоф қилаётганимда нима деган эди?” деди. Шунда жияни Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а): “Эй Холажон! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам нима дегандилар?” деб сўради. Оиша (р.а) онамиз: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам менга қарата: “Эй Оиша! Агар сизнинг қавмингиз мени бу Маккадан қувиб юбормаганида мен бу эски уйни худди Иброҳим ва Исмоил алайҳис саломлар қурганларидек қурган бўлар эдим” деди” деб, Иброҳим ва Исмоил алайҳис саломлар қурганда Каъбанинг иккита эшиги бўлганлигини, остонаси ердан кўтарилмаганлигини, “Хатийм” ҳам Каъбага қўшилган, баланд девор қилиб қурилган эканлигини айтиб бердилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а): “Эй Холажон! Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг орзуларини амалга оширсам бўлмайдими?” деб сўради. Шунда Оиша (р.а) онамиз розилик билдирди. Шу сабаб, Абдуллоҳ ибн Зубайр Каъбани бутунлай бузиб ташлаб, худди Иброҳим алайҳис салом қургандек қилиб, қайтадан кўтарди.
  4. Ҳижрий 74 йили Ҳажжож ибн Юсуф бузиб қайта қурди. Ҳажжож ибн Юсуфнинг қайта қуришига сабаб, унинг ўзи ҳижрий 73 йили Хижознинг подшоси Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а) қарши уруш қилиб, бир ой муддатча Макка шаҳрини қамал қилиб турди. Қамал вақтида Маккага қарата Абу Қубайс тоғига ўрнатган 5 та манжаниқдан катта – катта тошларни отди. Бу отилган тошлар Каъбанинг деворларига тегиб, уни бутунлай вайрон қилиб ташлади. Хажжож бир ойча муддат Маккани қамал қилгач, қалъани бузиб, ичкарига кириб, Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилди. Каъбани ўзининг аскарлари отган тошлар вайрон қилиб ташлаганини кўриб, дарров уни қайта тиклашга киришди. Энди уни Иброҳим ва Исмоил алайҳис саломлар қургандек эмас, балки Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврида қандай турган бўлса, худди шундай қилиб қуриб қўйди.
  5. Ҳижрий 319 йили “Қарматий”лар жамоасининг бошлиғи Абу Тоҳир ал-Қарматий Каъбани бузиб, “Ҳажарул Асвад”ни синдириб, Ироқдаги Хузистон шаҳрига олиб кетади. 22 йилдан сўнг, Аббосий ҳукмдорларнинг 21 чи подшоси халифа Муттақий замонида, яъни ҳижрий 339 йили Ҳажарул асвадни кичкина – кичкина саккиз бўлак қилиб, қайтариб беришади. Ҳунармандлар бу бўлакчаларни махсус елим билан бир – бирига бирлаштириб, Каъбага, ўз ўрнига жойлаштириб қўйишади.  
  6. Ҳижрий 1040 йили, Усмонийларнинг 17 чи подшоси Султон Мурод 4 ҳам Каъбани бузиб, қайта қурган. Бунга сабаб, ҳижрий 1039 йили маккада қаттиқ ёмғир ёғиши натижасида катта сел келиб, Каъбанинг деворларининг ярмигача сув чиқиб, деворлари йиқилиб тушди. Ҳатто бир қанча хожилар вафот этиб кетишди. Шунда султон Мурод 4 уни бузиб қайта қурди.

 Каъбанинг ранги қора. Битта эшиги бор. Унинг ҳозирги бўйи 15 метр, хажарул асваддан хатиймгача 12м, 84см. Хатиймнинг ичидан ўлчаганда 11м, 28см узунликда. Хатийм деворининг ўзининг баландлиги 1м, 32см. ҳажарул асвад ердан 1м 50см баландликка ўрнатилган. Ҳажарул асваднинг узунлиги 30 см ча миқдорда, катталиги 17 см ча келади. Ҳажарул Асваднинг атрофи оппоқ кумуш қоплама билан ўраб қўйилган бўлиб, унга биринчи бўлиб, кумуш билан қоплаган киши Абдуллоҳ ибн Зубайр бўлади. “Мултазам” деб ҳажарул асвад билан Каъбанинг эшиги оралиғидаги жойга нисбатан айтилади ва мултазамнинг узунлиги 2 метр. Султон Мурод 4 Каъбанинг эшигини 166 кг келадиган кумушдан ясаган эди. Ҳозирда эса Каъбанинг эшиги 280 кг лик тиллодан ясалган. Ердан 2м 22см кўтарилган. Эшигининг узунлиги 3м 18см. Эни эса 1м 71см.  Буни Саудий подшоҳлардан бўлган Холид ибн Абдулазиз Суриялик ҳунармандларга ясаттирган.

Каъба худди кубикка ўхшаш бўлиб, унинг тўрт томонидан тўртта бурчаги бор. Биринчиси “Рукнул Асвад”, иккинчиси “Рукнуш Шомий”, учунчиси “Рукнул Яманий”, тўртинчиси “Рукнул Ироқий” деб номланади. Каъба пўштни биринчи ёпган одам Исмоил (а.с) бўлган. Каъбанинг эшигининг калити Усмон ибн Талҳа (р.а)нинг уруғида бўлиб келган. Ҳозир ҳам шуларнинг авлодларида.

Каъбанинг кисваси (ёпинчиғи) қора рангда бўлиб, энг олий навли ипак толаларидан тўқилган. Юқори қисмида, зар билан айлантириб, Аллоҳнинг оятлари ёзилган.  Дастлаб кисва Мисрдан олиб борилар эди. Султон Мурод 4 замонидан бошлаб Истанбулдан олиб бориладиган бўлди. Усмоний ҳукмдорларнинг таназзулидан кейин Мадинанинг ўзида кисва тайёрланадиган бўлди.

muslim.uz

10 Февраль, 2021 йил | 3819