Вақф фонди халқаро ташкилот билан ҳамкорликда 2000 оилага хайрия қилмоқда

Вақф хайрия жамоат фонди ташкил топгандан бери, халқимиз орасидаги  ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимизга кўмаклашиш мақсадида кўплаб хайрли тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Муҳтожлар учун хайриялар сони ва салмоғини янада ошириш мақсадида фонд бир нечта халқаро хайрия ташкилотлари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган. Халқаро “Ҳасана” Ассоциацияси шулар жумласидандир.

Мазкур “Ҳасана” Ассоциацияси 2010 йилда, Европада истиқомат қилувчи қардош турк тадбиркорлари томонидан, дунёдаги мусулмон жамиятларига ўзаро қардошлик, самимият ва кўнгилли равишда Рамазон ва Қурбон ҳайити ҳадяларини улашиш, шунингдек, инсонпарварлик ва бошқа беғараз ёрдамларни кўрсатиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ҳозирги пайтда жаҳоннинг 16 та давлатида,  жами 37 та ваколатхонаси мавжуд.

“Вақф” фонди Халқаро “Ҳасана” Ассоциацияси билан 3 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2019 йилдаги илк ҳамкорлик тадбири орқали 456 миллион сўм миқдоридаги қурбонлик (44 бош қорамол) хайрия тадбирлари ташкил этилиб, юртимиздаги 3000 дан зиёд хонадонларга (9 тонна қурбонлик гўшти) етказиб берилди. Шунингдек, 2020 йилда пандемия шароити бўлишига қарамасдан, ҳамкорлик алоқалари давом этиб, Рамазон ва Қурбон ҳайитларида ҳамкорликда 614 миллион сўмлик хайрия тадбирлари амалга оширилди.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, жорий йилда ҳам Рамазон ойи арафасида Халқаро “Ҳасана” ташкилоти билан ҳамкорликда 360 миллион сўм миқдоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари юртимиз бўйлаб 2000 та ёрдамга муҳтож аҳолига етказиб берилмоқда.

 

Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

7 Апрель, 2021 йил | 842