“ЯХШИЛИК ҚИЛ – 2021” ижодий ишлар танлови ғолиблари тақдирланди

Маълумки, Вақф хайрия жамоат фонди, халқимиз орасида ўзаро бирдамлик ва меҳр-оқибатни кенг тарғиб этиш ва шу йўлда хизмат қилаётганларни рағбатлантириш мақсадида «Яхшилик қил — 2021» ижодий ишлар танловини эълон қилган эди.

Бугун 24 май куни пойтаҳтимиздаги “Султон” кошонасида ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Маросимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлими мудири Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг исломий диний-маърифий ташкилотлар ва имом-хатиблар билан ишлаш бўлими бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов ва танловда саралаш босқичидан ўтган иштирокчилар ташриф буюрдилар.

Мазкур танлов жорий йилнинг 24 февралидан 12 апрелига қадар давом этиб, юртимизнинг турли ҳудудларидаларидан жами 1400 дан ортиқ ижодий ишлар келиб тушган.

Танлов 3️ йўналишда ўтказилди.

Яхшиликни тарғиб этувчи:

«Энг яхши видеоролик» – 7 000 000 сўм;

«Энг яхши мақола» – 5 000 000 сўм;

«Энг яхши инфографика» – 3 000 000 сўм билан тақдирланди.

«Энг яхши инфографика» бўйича олий ўрин Дилафруз Қурбоновага насиб этди ҳамда ғолиба 3 000 000 сўм пул мукофоти ва диплом билан тақдирланди. Шу номинация бўйича Дилфуза Каримовага шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол» китоблари ва диплом, Абдусамад Салимжонов, Луқмонжон Лутфуллаевлар эсдалик совға ва махсус сертификат билан тақдирландилар.

         «Энг яхши видеоролик» бўйича олий ўрин islom.uz порталининг медиа йўналиши ходими Ёрқин Халилга насиб этди. Ғолибга ҳомийлар томонидан 7 000 000 сўм пул мукофоти топширилди. Шунингдек, ушбу йўналишда Бахтиёр Муҳаммад ва Муҳаммад Умарлар шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол» китоблари ва диплом билан тақдирландилар.

«Энг яхши мақола» бўйича олий ўринни эса Ҳайитмурод Ережепов эгаллади. Ҳомийлар томонидан ғолибга 5 000 000 сўм пул мукофоти топширилди. Шунингдек, Нилуфар Саидакбарова, Мадина Абдуллаева, Дилмурод Мирзоларга шайх ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол» китоблари ва дипломлар топширилди.

«Яхшилик қил — 2021» танлов ғолибларини тақдирлаш маросими Muslim.uz, Vaqf.uz, AzonTV ҳамда Azon.uz порталларининг ижтиомий тармоқлари орқали жонли эфирда узатилди.

Шунингдек, саралаш босқичидан ўтган барча иштирокчиларга “Вақф” фонди томонидан  эсдалик совғалари берилди.

Азизлар, яхшилик йўлида ҳамкорлик қилайлик!

      

“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати 

“ЯХШИЛИК ҚИЛ – 2021”  ижодий ишлар танлови ғолиблари тақдирланди
24 Май, 2021 йил | 517