“Ягона олимпиада – 2021” ғолиблари маълум бўлди

Бугун, 1 июнь куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасалари битирувчилари ўртасида “Ягона олимпиада – 2021” танловининг республика босқичи ўтказилди.

Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин домла Шерхонов, Диний қўмита диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобомурод домла Рустамов, институт ректори Уйғун домла Ғофуров, ўрта махсус ислом таълим муассасалари раҳбарлари, мударрис-ўқитувчилар ташриф буюрди.

Ягона олимпиада иштирокчилари Араб тили, фиқҳ ва ақоид фанлари бўйича ўзаро баҳслашди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, мусобақа натижаси қуйидагича бўлди:

I ўринни “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Абдулмалик Алимов Ҳусниддин ўғли қўлга киритди. У “Вақф” хайрия жамоат фонди гранти асосида олий диний таълим муассасасига конкурссиз ўқишга кириш, 1-даражали диплом ва ноутбук соҳибига айланди;

II ўринни “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Жавоҳирбек Исомиддинов Соибжон ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган балнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, 2-даражали диплом ва микротўлқинли иситгични қўлга киритди;

III ўринни “Мир Араб” ўрта махсус ислом ислом таълим муассасаси Муҳаммадризо Холиқов Абдулҳамид ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган балнинг 15 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, 3-даражали диплом ва микротўлқинли иситгич билан тақдирланди.

Шунингдек, ўрин эгалламаган иштирокчиларга (жами 6 нафар) китоблар тўплами ва фахрий ёрлиқ топширилди.

Аллоҳ таоло олимпиада ғолибларига имтиёз ва совринларни муборак қилсин, эзгулик йўлидаги мусобақаларини бардавом бўлишини насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1 Июнь, 2021 йил | 505