“Қурбонлик-2021” тадбирлари доирасида амалга оширилган ишлар

“Қурбонлик-2021” тадбирлари доирасида амалга оширилган ишлар

 

Дарҳақиқат, ҳайит байрами қадимдан халқимизга хос меҳр-оқибат ва саховат ифодаси бўлиб келган. Шу боис, Давлат Раҳбарининг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари ушбу байрам кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлди.

Таъкидлаш керакки, Қурбон ҳайити буюк байрам ва қувончли воқеадир. Ушбу айём кунларида энг улуғ ибодат, шубҳасиз, қурбонлик қилишдир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратда офатлардан ҳимоя қилади.”, – деганлар.

Қурбонлик ибодат бўлиши билан бирга унинг ижтимоий аҳамияти ҳам беқиёс. Қурбон ҳайити – хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват  байрами. Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида инсоний фазилатларни ривож топишида хизмат қилувчи восита. Чунки қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, меҳр-муҳаббат ришталарининг мустаҳкамлайди.

Шу муносабат билан “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам республикамиз бўйлаб хайрия тадбирлари ўтказилди. Жумладан, “Қурбонлик–2021” тадбирлари режасига асосан жорий йилнинг 20, 21 ва 22 июль кунлари “Вақф” фондининг барча ҳудудий филиаллари томонидан хайрия тадбирлари ташкил этилди.

Қурбонлик тадбирлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакилликлари, масжид имом-хатиблари, маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Улуғ айём арафасида “Вақф” фондининг марказий аппарати томонидан Тошкент шаҳридаги 21 ва 23-сонли Меҳрибонлик  уйларининг тарбияланувчиларига жами 11 326 000 сўмлик 280 дона байрам совғалари хайрия қилинди. 

Жойлардаги кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларга кўпроқ қурбонлик гўштлари ва хайрия маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида, хорижий ҳамкорлар ва “Вақф” фонди томонидан ажратилган маблағларга қўшимча равишда ҳудудий филиаллар ташаббуси билан қурбонлик ва бошқа турдаги хайриялар амалга оширилди.

“Вақф” фонди томонидан ҳомийлар ва ҳамкорларни жалб этган ҳолда 504 миллион сўм маблағ ажратилди ва ушбу маблағ ҳисобидан республика бўйлаб жами 36 дона қорамол қурбонлик қилиниб,  7545 кг. гўшт улашилди. Шунингдек, Фонднинг ҳудудий филиаллари ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 2 та қорамол ва 35 та қўй қурбонлик қилиниб, 1716 кг. гўшт тарқатилди. Қурбон ҳайити муносабати билан филиаллар томонидан жалб қилган хайриялар, жумладан қурбонликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори жами 197 938 000 сўмни ташкил этди.  

Умумий ҳисобда “Вақф” фонди ҳамда унинг ҳудудий филиаллари томонидан республика бўйича 38 та қорамол ва 35 та қўй сўйилиб, ночор, ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор бўлган ва бемор ҳамюртларимиз учун жами 9216 кг қурбонлик гўштлари хайрия қилинди.

Тадбирлар давомида республика миқёсида 4167 нафар кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган ва ёлғиз кекса фуқароларга жами 644 455 297 сўмлик ҳамда 23 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида истиқомат қилувчи ҳамюртларимизга 68 808 623 сўмлик эҳсонлар улашилди.

Жойларда амалга оширилган барча хайрия тадбирлари ОАВда, маҳаллий телеканалларда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги вакилликлари, “Вақф” фонди ҳамда унинг ҳудудий филиаллари Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқ каналларида мунтазам ёритиб борилди.

Тадбирлар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида, қурбонликларни тарқатиш ва етказиб бериш жараёнлари фото ва видео тасвирларга олиниб, умумлаштирилди. Қурбонлик гўштлари ва хайриялар бўйича далолатнома ва қайдномалар расмийлаштирилди.

Аллоҳ таолодан мазкур қурбонликлар ва эҳсонларни қабул қилишини сўраш баробарида халқимизга осудалик, қут-барака, бахт-саодат, тан-сиҳатлик ва катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги тезроқ инсоният бошидан аришини сўраймиз.

“Вақф” фонди жамоаси юртимиз фаровонлиги, халқимиз манфаати ва динимиз равнақи йўлида эзгу мақсадлар сари интилишда давом этади.

Эътиборингиз учун ташаккур!

“Қурбонлик-2021” тадбирлари доирасида амалга оширилган ишлар
24 Июль, 2021 йил | 528