“Вақф кўмаги” акцияси 1-босқичи якунланди: 20 киши севган касби билан шуғулланишни давом эттиради

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли даромадини оширишга ҳисса қўшиш мақсадида Вақф хайрия жамоат фонди томонидан жорий йилнинг июнь ойида “Вақф кўмаги” акцияси эълон қилинган эди. Мазкур акциянинг 1-босқичи Хоразм вилоятидаги  касб-ҳунарга эга аммо, меҳнат қилиш учун сармояга эга бўлмаган ижтимоий кўмакка муҳтож оила вакилларидан 20 нафарига уй ҳайвонлари, қандолат печи, тикув машинаси ва ҳунарманд-усталар учун асбоб-ускуналар хайрия этилиши кўзда тутилган бўлиб, кеча, 18 сентябрь куни мазкур анжомларни ўз эгаларига топшириш учун Урганч шаҳрида хайрия тадбири ўтказилди.

Тадбирда Вақф фонди раҳбари Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли, Тошкент шаҳридан бир гуруҳ уламолар ва Хоразм вилояти бош имом-хатиби иштирок этди. Тақдимотда Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли сўзга чиқиб, шундай деди: “халқимиз орасида камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадини ошириш учун ҳукуматимиз томонидан кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Вақф фонди ҳам ушбу хайрли ишлардан четда қолмай ўз ҳиссасини қўшиш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Муҳтож инсонга бир марта берилган ёрдам албатта қачондир тугайди. Аммо, уларга доимий даромад келтирадиган бирор ҳунар ёки касб билан шуғулланишига шароит яратиб берсак, келажакда ўзлари эҳсон қиладиган даражага етади. Бу эса юртимиз ривожига ҳам ҳисса қўшади”. 

Шундан сўнг Яҳё домла томонидан акция иштирокчиларига, жумладан 5 нафар аёлларнинг ҳар бирига биттадан тикув машинаси, 2 та оилага 8 бош қўй, 4 нафар фуқаронинг ҳар бирига 1 донадан қандолат печи, 3 кишига ўймакуорлик ускунаси, рангли принтер ва нусхалаш жиҳозлари, қурилишда ишлатиладиган пайвандлаш ва кесиш асбоблари, шунингдек пул маблағлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия қилинди.

Тадбир давомида вилоятдаги 40 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳар бирига 2 500 000 сўмдан, бир марталик нақд пул кўринишидаги жами 100 000 000 сўм хайриялар ҳам тарқатилди.

Тадбир сўнгида ош дастурхони ёзилиб, мазкур хайрияга ҳисса қўшганлар, эҳсон қилганлар ҳаққига дуойи хайрлар қилинди.

“ВАҚФ КЎМАГИ” акцияси давом этади. Сиз ҳам фаол иштирок этинг! Кейинги босқич сизнинг вилоятингизда бўлади.

ВАҚФ ХЖФ Матбуот хизмати

“Вақф кўмаги” акцияси 1-босқичи якунланди: 20 киши севган касби билан шуғулланишни давом эттиради
18 Сентябрь, 2021 йил | 310