Туркия элчихонасида учрашув бўлиб ўтди

"Вақф" фонди ташкил этилгандан бери, халқаро хайрия фондлари ва вақф ташкилотлари ичида энг кўп ҳамкорлик лойиҳаларини Туркия давлати вақфлари билан амалга ошириб келмоқда. Диний таълимни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламига ёрдам кўрсатиш, Рамазон ойи ва икки ҳайит байрами хайриялари доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, ҳақдорлар қалбига қувонч улашилмоқда. Мазкур ҳамкорлик ишларининг жадал ривожланишида, юртимиздаги Туркия давлати элчихонасининг ўрни беқиёс.

Жорий йилнинг 11-июл куни, Туркия давлатининг Тошкент шаҳридаги элчихонасида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбарининг биринчи ўринбосари М.Саломов, фонднинг Халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи М.Қосимов ҳамда Туркия элчихонасининг диний ишлар бўйича маслаҳатчиси, жаноб Маҳмут Турк билан ўзаро учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда фонд вакиллари, элчи маслаҳатчисини фонд томонидан амалга оширилаётган хайрия ишлари ва келажак лойиҳалари билан яқиндан таништириб ўтди. Шунингдек, келгусида хайрия, инсонпарварлик ва маърифий соҳаларда, Туркия давлатидаги вақф ташкилотлари билан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликни янада кенгроқ кўламда давом эттириш истагини билдирди.

Суҳбат сўнгида М.Саломов  “Вақф” фонди номидан, Туркия   элчихонасининг диний ишлар бўйича маслаҳатчиси Маҳмут Туркка эсдалик совға топширди.  Учрашув самимий ва дўстона кайфиятда ўтди.

“Вақф” фонди Матбуот хизмати

Туркия элчихонасида учрашув бўлиб ўтди
11 Iyul, 2023 yil | 223