Самарқандда ногирон ҳамюртларимиз учун хайрия тадбири ўтказилди

19 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” фонди ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги эшитиш ва сўзлашишда нуқсони бор, ижтимоий химояга муҳтож 100 нафардан ортиқ юртдошларимиз учун “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида маърифий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масул ходими, Самарқанд вилоят вакиллиги, “Вақф” фондининг ҳудудий филиали ва ҳамкор ташкилот ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров кириш қисми билан очиб бердилар. Ёқубжон домла Мансуров ўз маърузаларида диний жабҳада олиб борилаётган эзгу ишлар борасида сўзлади.

Маърифий тадбирда сўзга чиққанлар Ислом динининг мазмун-моҳияти, иймон-эътиқод масаласи ҳақида маълумот бериш билан бирга, миссионерлик хатаридан огоҳ бўлиш лозимлигини таъкидладилар.

Шундан сўнг, имконияти чекланган фуқаролардан 2 нафари сўзга чиқиб, уларга берилаётган эътибор, қилинаётган ҳурмат-эҳтиромдан мамнун эканлигини айтиб ўтди. Қолаверса, миссионерликнинг салбий оқибатлари борасида етарлича тушунчалар ҳосил қилганлигини ва буларни ўз дўстларига ҳам тушунарли қилиб етказишини таъкидладилар.

Тадбир давомида “Намоз ва дуолар” китоби имконияти чекланган ҳамюртларимизга ҳадя тариқасида тарқатилди.

Йиғилиш якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан учрашув иштирокчилари учун эҳсон дастурхони ёзилиб, ош тарқатилди.

ВАҚФ ХЖФ Матбуот хизмати

Самарқандда ногирон ҳамюртларимиз учун хайрия тадбири ўтказилди
21 Fevral, 2022 yil | 559