Брифинг: Муҳтожлар учун 4 йилда қанча хайрия қилинди?


Маълумки, 2018 йил 16 апрелда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Вақф фонди ташкил этилганда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш фонднинг асосий вазифаларидан қилиб белгиланган эди.

Ўтган 4 йил давомида, Фонд томонидан мазкур вазифаларни бажариш учун салмоқли ишлар амалга оширилди.

Жумладан моддий кўмакка муҳтож ва имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, пул маблағи, кийим-кечак, озиқ-овқат, зарур маиший ҳамда тиббий техникалар ва бошқа турдаги хайриялар учун:

2018 йилда – 1 миллиард 482 миллион сўм;

2019 йилда – 3 миллиард 615 миллион сўм;

2020 йилда – 7 миллиард 721 миллион сўм;

2021 йилда – 12 миллиард 935 миллион сўм;

2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 1 миллиард 76 миллион сўм;

жами 26 миллиард 829  миллион сўм маблағ фонд ташкил топгандан бугунга қадар фақатгина аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш сарфланган.

Бундан ташқари, 2018-йилдан айни вақтга қадар фонд томонидан имконияти чекланган фуқаролар учун 221 дона ногиронлик аравачали тадим этилган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, моддий ёрдамга муҳтож аммо, касб-ҳунарга эга ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2021 йилда “ВАҚФ кўмаги” лойиҳаси ташкил этилиб, юртимизнинг 6 вилоятидан 200 дан ортиқ фуқароларга касб-ҳунаридан келиб чиқиб, қандолат печи, тикув машинаси, чилангарлик ва пайвандлаш ускуналари хайрия қилинди. Натижада 200 дан ортиқ хонадон ўз даромадига эга бўлишни бошлади.

Мамлакатимизнинг олис ва чекка ҳудудларидаги ичимлик сувига муҳтож 150 мингга яқин аҳоли қатлами учун 80 га яқин артезиан қудуқлари қазиб чиқарилиб, хайрия қилинди.

Мазкур хайрияларга ҳисса қўшган барча саховатпеша ҳамюртларимизни, маҳаллий ва халқаро ҳомийларни Аллоҳ таоло мукофотласин деб қоламиз.

Сўзим сўнгида таъкидлаб ўтмоқчиманки, “Вақф” фонди аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашда давом этади ва бу йўлда сахий ва савоб талабидаги инсонларни ҳамкорликка чорлаб қоламиз!

Саидаброр Умаров ВАҚФ хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати раҳбари

16 Mart, 2022 yil | 430