Муборак Рамазон ойида меҳр-саховат ришталари янада мустаҳкамланиб, кўплаб эзгу амаллар амалга ошмоқда. Минглаб кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар моддий-маънавий қўллаб-қувватланмоқда.
Бу каби хайрли ишлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди ва унинг филиаллари томонидан ҳар куни ўтказилмоқда.
Хусусан, фонднинг Навоий вилояти филиали томонидан ташкил этилган хайрия тадбири давомида вилоят ҳудудида яшовчи 20 та кам таъминланган оила ҳолидан хабар олинди. Хонадон аҳли билан суҳбат қурилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди. Мазкур хонадонларга рамазон туфалари сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Филиал ходимлари, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Хатирчи тумани бўлими мутахассислари «Учқара» МФЙда яшовчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро М.Худойқуловнинг хонадонида ҳам бўлишди. Меҳмонлар у билан суҳбатлашди. Яшаш шароитини кўздан кечиришди. Мазкур оиалага ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.