Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтаётган «Исломий иқтисодиёт ҳафталиги» доирасида Исломий иқтисодиёт форуми ташкил этилиб, унда Ўзбекистондан ташриф буюрган «Вақф» хайрия жамоат фонди делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Дунёнинг 60 дан ортиқ давлатларидан вакиллар иштирок этган, Малайзия парламентида ташкил этилган мазкур форумни очиб бериш ва Ўзбекистондаги «Вақф» хайрия жамоат фонди фаолияти тақдимоти учун сўз Ўзбекистон делегацияси раҳбари Зайниддин домла Эшонқуловга берилди.
Зайниддин домла Эшонқулов форум иштирокчиларига Ўзбекистондаги «Вақф» хайрия жамоат фонди фаолияти ҳақида кенг маълумот бериб, вақф тушунчаси Ўзбекистон учун янгилик эмаслигини, бу заминда вақф минг йиллардан олдин ҳам бўлганлигини, бу тизим халқ фаровонлиги, жамият ривожига ўзига хос ҳисса қўшиб келганлигини, бу бўйича кўплаб битиклар мавжудлигини, тарихий маълумотлар сақланиб қолганлигини қайд этиб ўтди. Афсуски, собиқ иттифоқ даврида вақф фаолияти тўхтатилиб, унга салбий муносабатда бўлинди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, айнан вақф бўлмасада унинг ўрнини босувчи, вазифаларини бажарувчи жамғармалар фаолият кўрсатиб келди. 2018 йилда Ўзбекистон Президенти фармони билан «Вақф» хайрия жамоат фонди қайта ташкил этилди.
Фонд томонидан сўнгги вақтларда амалга ошириб келинаётган хайрли ишларга ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, сўнгги пайтларда фондга давлат томонидан бўлган эътибор, айнан жорий Рамазон ойида 85 млн. АҚШ доллари ва Қурбон ҳайитида 65 млн. АҚШ доллари Президентимиз ташаббуси билан фондга ажратилгани, бунинг натижасида минглаб эҳтиёжманд оилаларга моддий-маънавий кўмак берилгани, яна кўплаб оғир касалликлар билан курашаётган беморларга даволаниши учун ёрдам кўрсатилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
✅ Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳага қаратилаётган бу каби эътиборлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, хусусан, беморларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳамда кенг кўламли хайрия тадбирлари – Ўзбекистонда йўлга қўйилган тажриба анжуман иштирокчилари томонидан эътироф этилди ва юқори баҳоланди.