Statistika
Jami 0
Kategoriyalar
Kundalik tendentsiya
  • +998 95 195-16-10
  • info@vaqf.uz
  • vaqfuzbekistan@gmail.com
Устозга эҳтиром – илмга эҳтиром: Тошкент ислом институтида улуғ айём кенг нишонланди


Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда устозлик касбининг шарафи, илм аҳлининг жамият тараққиётидаги ўрни ва фидойи муаллимларга кўрсатилаётган эътибор ҳақида сўз юритилди.

Тадбир самимий шеърий сатрлар ва эзгу тилаклар билан бошланди. Институт ходими Абдулқаюм Исмоиловнинг қутловидан сўнг Қуръони карим тиловат қилинди. Дуои фотиҳада институт ва таълим даргоҳлари ривожига муносиб ҳисса қўшиб, бугун орамизда бўлмаган устозларнинг руҳларига бағишлаб хайрли дуолар қилинди.

Тадбирда сўз олган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров барча устоз ва мураббийларни байрам билан самимий қутлаб, уларнинг шарафли ва масъулиятли фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг устозлик мақоми ва унинг маънавий масъулияти ҳақида юртимизнинг таниқли уламолари фикр билдирди.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Уламолар Кенгаши аъзоси Зайниддин домла Эшонқулов, Тошкент шаҳри вакиллиги бош имом-хатиби, Уламолар Кенгаши аъзоси Абдуқаҳҳор домла Юнусов, шунингдек, Абдулҳаким қори Матқулов ва Жалолиддин домла Нуриддиновлар устозларнинг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни, ёш авлод таълим-тарбиясидаги масъулияти ҳақида сўз юритдилар.

Нотиқлар мамлакатимизда диний-маърифий соҳанинг ривожига йиллар давомида муносиб ҳисса қўшиб келган фахрий устозлар, минглаб шогирдларга илм берган уламолар ва бугун таълим даргоҳларида фаолият юритаётган муаллимларнинг меҳнатини алоҳида эътироф этдилар.

Фахрий устозлар ва собиқ ректорлар номидан сўзга чиққан нуроний домлалар эса кўрсатилаётган юксак эътибор ва ҳурматдан мамнун эканликларини билдириб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва таълим соҳаси равнақи учун дуолар қилдилар.

Эътибор ва эъзоз — амалий рағбатда

Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати устоз ва мураббийларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ташаббуслар бўлди.

Байрам муносабати билан кўп йиллар давомида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда «Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасасида меҳнат қилган 18 нафар фахрий устоз ва ректорларга эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, институтнинг 15 нафар фидойи устоз ва ходимига 5 миллион сўмдан, жами 75 миллион сўм миқдорида хайрия маблағи ажратилди.

Институтда асосий штатда фаолият юритаётган 123 нафар устоз ва мураббийнинг барчасига байрам совғалари улашилди. Тадбирда иштирок этган меҳмонлар ҳамда профессор-ўқитувчиларга эса «Крембер» брендининг ширинликлар тўпламлари тақдим этилди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган 2 нафар ўқитувчи вакилликлар томонидан совға ва ташаккурномалар билан тақдирланди.

Фидойилик эътироф этилди

Тадбир доирасида институт ҳаётида фаол иштирок этиб, таълим, тарбия ва ташкилий йўналишларда муносиб натижаларга эришаётган бир гуруҳ устоз ва ходимлар ҳам эътироф этилди.

Хусусан:

  • Ташпулатов Абдиросул Эшпулатович, «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси профессор-ўқитувчиси — диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида махсус пул мукофоти билан;
  • Рашидов Аҳмад Ҳамид ўғли, Ўқув курслар бўлими бошлиғи — институт фаолиятини такомиллаштиришдаги фидойи хизматлари учун «Энг яхши бўлим бошлиғи» номинациясида;
  • Саидахмедов Абдул Азим Зиёуддин ўғли, «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси катта ўқитувчиси — «Энг фаол ўқитувчи» номинациясида;
  • Валиева Саодат Зикриллаевна, «Ижтимоий фанлар ва тиллар» кафедраси катта ўқитувчиси, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходимаси — маънавий-маърифий ишлар ва талабалар тарбиясидаги фаоллиги учун «Йилнинг энг фаол аёл ўқитувчиси» номинациясида;
  • Ахмедов Самариддин Абдуфозилович, «Ижтимоий фанлар ва тиллар» кафедраси катта ўқитувчиси — «Меъёрий ҳужжатларни юритишда энг интизомли ўқитувчи» номинациясида;
  • Қурбонов Содиқ Солиёвич, «Қуръон илмлари» кафедраси катта ўқитувчиси — «Жамоат ишларида энг жонкуяр ўқитувчи» номинациясида;
  • Жўраев Сойибжон Рустамжонович, «Ақоид ва фиқҳий фанлар» кафедраси ўқитувчиси — «Жамоат ишларида энг жонкуяр ўқитувчи» номинациясида;
  • Абдуллаев Абдурасул Абдулпаттаевич, «Қуръон илмлари» кафедраси доценти — институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва таълим жараёни учун муносиб шарт-шароитлар яратишдаги самарали хизматлари учун;
  • Асамова Дилором Абдуманнаповна, Техник-фойдаланиш ва хўжалик бўлими ходимаси — институтда озодалик ва тартибни таъминлашдаги садоқати учун «Йилнинг энг яхши хўжалик ходимаси» номинациясида Фахрий ёрлиқлар ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Устозга эҳтиром — келажакка эҳтиром

«Устозга эҳтиром — илмга эҳтиром» шиори остидаги ушбу маърифий учрашув устозликнинг оддий касб эмас, балки авлодлар ўртасида илм, маърифат ва маънавиятни боғлаб турувчи улуғ масъулият эканини яна бир бор намоён этди.

Зеро, устозга кўрсатилган ҳурмат — унинг шахсигагина эмас, балки у етказаётган илмга, тарбиялаётган авлодга ва келажакка бўлган эҳтиромдир.

Тадбир сўнгида дуогўй устозлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, таълим ва диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар бардавом бўлишини сўраб дуолар қилдилар.

Шарафли айём эса устозлар, меҳмонлар ва институт жамоаси иштирокидаги самимий мулоқотлар ҳамда хотирага муҳрланадиган файзли фотосуратлар билан якунланди.

Tegishli Xabarlar

To'lov tizimlari orqali xayriya

To`lov tizimini tanlang

Tanlangandan so'ng, siz pul o'tkazmasini yakunlash uchun bank veb-saytiga yo'naltirilasiz